Экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида қабул қилинган халқаро ҳужжатларнинг аҳамияти
Маълумки, Ўзбекистон давлати мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди. Бу тамойил бош қомусимиз Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган.
Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.
Сўнгги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида, хусусан, Яқин Шарқ мамлакатларида турли ноқонуний қуролли тузилмалар томонидан исломий давлат қуриш шиори остида инсониятга қарши жиноятлар содир этилди.
Маълумотларга кўра, бугун дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади.
Сўнгги йилларда мутаассиб оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, оила аъзолари, яқинлари ва қўшниларини ўз гуруҳига тортиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш, диний-экстремистик мазмундаги материалларни босма, электрон кўринишда тарқатиш каби усулларда амалга оширмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича ҳозирда 100 мингдан ортиқ экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи сайтлар фаолият олиб бормоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирлиб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Муайян сиёсий кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.
Энди мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни турмушда уларни оғир синовлар кутиб тураётгани, хусусан, бизнинг юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек ғараз мақсадларга эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз, биз катталарнинг, айниқса, диний соҳа вакилларининг бурчимиз ҳисобланади.
Диний-экстремистик оқимларнинг жамиятимиз барқарорлигига таҳдиди республикамиздаги ижтимоий сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш, фуқарларни, айниқса, ёшларни қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳларга жалб қилиш каби ҳаракатларда намоён бўлмоқда.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш заруратини яна бир марта кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда халқаро майдонда кўп ва икки ёқлама ҳамкорликни кучайтириш, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолиятини самарадорлигини ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда.
Маълумки, Ўзбекистон қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Терроризмга қарши кураш, уни бартараф этиш масалаларига оид сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлар БМТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доираларида имзоланган.
Ҳозирда Ўзбекистон БМТнинг терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган асосий 13 та ҳужжатини ратификация қилган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррористик қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида “уч ёвуз куч”, яъни “террорчилик”, “айирмачилик” (сепаратизм) ва “экстремизм”га қарши курашда хамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. 2004 йилдан бери Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон АҚШ, Россия, Хитой, Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан халқаро терроризмга қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ҳозирги кунда республикамизда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда давлат ва фуқаролик жамиятининг самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Давлат амалдаги қонунларимизга зид равишда конституцион тузумга қарши гуруҳларнинг фаолиятини аниқлайди ва уларга чек қўяди.
Таъкидлаш жоизки, ДЭО аъзолари диний эътиқоди ёки дунёқараши учун эмас, балки Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси ва бошқа қонунларимизда аниқ белгиланган жиноий ишларни содир этгани ва қонунбузарлиги учун жазога тортилади. Алданиб оқимга кириб қолган шахс ўз вақтида хатосини англаб етиб, пушаймон бўлса ва жиноятни очишга ёрдам берса, Жиноят Кодексининг 244-2 моддасига кўра жавобгарликдан озод этилади.
Ҳаракатлар стратегияси негизида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштиришга катта аҳамият берилди. Бу борада биргина 2018 йилнинг ўзида иккита йирик ҳужжат – “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини (Остона, 2017 йил 9 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”ги ва “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
Жамият ОАВ, маънавият йўналишда фаолият юритадиган тузилмалар, жамоат ва диний ташкилотлар орқали фуқароларни ақидапараст ғояларнинг таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган профилактик ва тушунтириш ишларини амалга оширади.
Тарғибот ва тушунтириш ишлари ОАВ, Интернет, теле- ва радиодастурлардаги чиқишлар, ўқув муассасалари, маҳалла фуқаро йиғинлари, турли ташкилот ва корхоналарда маърифий тадбирлар ўтказиш шаклларида амалга оширилмоқда.
Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитетни шакллантириш Ўзбекистондек буюк Ватанимиз келажагига ўзини маъсул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг, шу жумладан, диний соҳа ходимларининг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Муҳаммади ҚОРАЕВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,
Қарши шаҳарn “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби