1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (30-ҚИСМ) КАСАЛ КЎРИШ ОДОБИ

24-06-2020, 17:33 249 Ўқиш режими + -


МУҚАДДАС ОИЛА    (30-ҚИСМ)  


КАСАЛ КЎРИШ ОДОБИ


“Мусулмон киши қачон касал дўсти зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади” (Имом Муслим ривояти). Ислом динида касални зиёрат қилиш савобли амал­лардан ҳисоб­ланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Касалларни зиёрат этишнинг ҳам ўз одоблари бор. Уларнинг ҳузурида узоқ қолиб кетмаслик, самимий сўзлар билан кўнглини кўтариш, тузала бошлаганига ишора қилиш, доимий дуо­да бўлишни сўраш шулар жумласидандир. Фарзандларни ҳам касални зиёрат қилиш одобига одатлантиришимиз лозим. Шифо ва меҳрга муҳтож кишиларни катталар билан биргаликда зиёрат қилса­лар, ёшларнинг қалбида раҳмдиллик сифати шакл­ла­ниб, бошқаларнинг дардларини ҳис қилиш каби фази­лат­лар­га эга бўладилар. Шубҳасиз, бу фазилатлар улар­­да ат­роф­дагиларга нисбатан меҳру шафқат уйғо­тиб, ўзидан кўра ўзгаларни ўйлайдиган, айниқса, ожиз ва заифларни ҳимоя қиладиган ғамхўр, меҳрибон ин­сонга айлан­тиради. Оқибатда жамиятимиз янада гўзал ва фаровон бўлади, унинг аъзолари ора­сида олий хулқ ва баркамол шахслар сафи кенгайиб боради. Ажру савоблари мўл бу улуғ амални Сарвари олам бизларга таълим берганлари боис, ота-бобо­ла­ри­миз касал ва хасталарни бориб кўриш, ёлғиз исти­қомат қила­ди­ган­ларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳрга муҳтожларнинг кўнгилларини кў­таришдек амалларни ўзларининг муҳим вазифалари деб билганлар. Бу ажойиб хис­лат­лар ва фазилатли хулқ­ларни фарзанд­ларига сингдириб юборганлар. Чунки Ислом касал кишини кўришга бую­рибгина қолмасдан, балки касал зиё­ратини мусул­моннинг дўсти зим­ма­сидаги ҳақи қилиб белгилаб қўйган. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касални кўриш, жанозада эштирок этиш, мазлумга ёрдам бе­риш, чақириққа жавоб бериш ва саломни кенг тар­қа­тишга бизни буюрдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайрадан) розияллоҳу анҳу (ривоят қи-лина-ди». Расулуллоҳ) соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи бештадир: саломга алик олиш, касални бориб кўриш, чақириққа жавоб бериш, жанозада ҳозир бўлиш ва акса урса, унга яхшилик тилаш,” дедилар. «Имом Бухорий ва Имом Мус-лим. Шунинг учун ҳам саҳобалар яхшилик қилишда ўзаро мусобақалашардилар, айниқса, касални бориб кўришга бениҳоя ошиқардилар. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Сизлардан бугунни ким рўза тутиб ўтказди?” дедилар. “Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу). “Бугун сизлардан ким касални бориб кўрди?”  “Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу). “Бугун сизлардан ким жанозада иштирок этди?” “Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу). “Бугун сизлардан ким мискинга таом берди?” “Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу). “Кимда бу хислатлар жам бўлса, жаннатга ки­ради”. Касални ўз вақтида кўриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар касал бўлса, бориб кўр,” деганлар. Ҳадис далолат қилганидек, касалликнинг бошла­ни­шида касални кўриш лозим. Шу билан бирга, ка­сал­ни уч кундан сўнг кўриш лозимлигига далолат қи­ладиган ҳа­дислар ҳам бор. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч кундан сўнг касални бориб кўрардилар (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Касални уч кундан сўнг кўриш суннатдир” ва Аъмаший: “Мажлисда ўтирардик, агар бир кишини уч кун кўрмасак, у ҳақда сўрардик, агар у касал бўлган бўлса, бориб кўрардик”, деди (Имом Табароний ри­вояти). Бу ҳадислардан хулоса қилсак, агар касал оғир бўлса, зудлик билан бориб кўриш керак. Аммо хаста ки­ши оғир аҳволда бўлмаса, унда ҳадисга мувофиқ уч кундан сўнг бориб кўриш мақсадга мувофиқдир. Касалнинг ҳолига қараб ёнида ўтириш ёки тезда туриш Агар касалнинг хасталиги жиддий ва у қаровчига муҳ-тож бўлганида ёки касал аёл киши бўлса, унинг ёнида узоқ ўтирмасдан, тез кетиш лозим. Мабодо касалнинг касаллиги оғир бўлмаса ва ҳузурида кимдир ўтиришини, суҳбатлашишни хоҳласа, агар у толиқиб қолмайдиган бўлса, касал кўргани борганлар ёнида кўп ўтиришининг зарари йўқ. Касални ҳар куни эмас, кунора бориб кўриш аф­залдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кун­ора зиёрат қил, муҳаббат зиёда бўлади”, дедилар (Бай­ҳақий, Табароний ва Баззоз ривояти). Касални дуо қилиш Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади. «Пайғамбар (алайҳиссалом) касалларни бориб кў­рар­ди­лар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, касал­лик­ни кетказгин, шифо бергин, ўзинг шифо берувчисан, ўзинг­нинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўй­майдиган шифо беришни сўрайман”, деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Оғриётган жойга қўлни қўйиб, дуо қилишни эслатиш Имом Муслим ривоят қилади. Абу Абдуллоҳ Усмон ибн Абу Ос баданидаги оғ­риқдан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шикоят қил­ди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қўлингни оғриётган жойга қўйгин ва “Бис­мил­лаҳи” деб уч марта айт ва етти марта “Аъузу би из­за­тиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳо­зиру” (маъноси: Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан топган ёмонликдан ва хавф­сираган нарсамнинг ёмон­лигидан паноҳ сўрайман) дегин», дедилар. Касал ҳақида унинг аҳлидан сўраш мустаҳаб Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал ётган уйдан Али ибн Абу Толиб чиқди. Одамлар ундан: “Эй Абу Ҳасан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай тонг оттирдилар?” деб сўрадилар. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Алҳамдулиллаҳ, шифо топган ҳолда тонг оттирдилар”, деди (Имом Бухорий ривояти). Касалнинг бош томонида ўтириш мустаҳаб Имом Бухорий “Ал-адаб ал-Муфрад” асарида Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал кўр­га­ни борардилар. Сўнгра етти марта: “Улуғ арш Раббиси улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дердилар. Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли берингизлар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, дедилар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти). Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқтабиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бун­дай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, касал зиёратига борган киши мазкур одоблардан бохабар бўлмоғи шарт. Аксинча бўлса, касал дилини чилпар­чин қилади. Ушбу ўринда бир йигитнинг хонадонида бўлиб ўтган воқеани шундай ҳикоя қилганди: «Аллоҳ раҳматига олсин, отам бундан ўн йилча му­қаддам дунёдан ўтиб кетдилар. Ет­миш саккиз ёшни қаршилаган отам жисмонан ба­қув­ват, ёшлигидан ибодатда, ичиш ва чекиш каби ил­латлардан узоқ­да бўлганлиги учунми, ҳарқалай, руҳан тетик, юзларида ажиндан асар ҳам йўқ, анордек қип-қизил эди. Нима ҳам бўлди-ю, бир дард келди. Елкаларининг шундоққина тепасида пайдо бўлган холга ўхшаш яра кундан-кун катталашиб, дастлабки муолажалар ёрдам бермагач, вилоят марказий шифохонасига ётқизишга мажбур бўлдик. Хуллас, амалиёт бўлиб ўтди, бироқ бу дард бутун аъзо­ларига инфекция тарқатиб бўлган экан. Уйга олиб ке­тишдан ўзга чора йўқ эди. Ўз уйига келган отамнинг чиройи анча очилган, кайфияти яхши эди. Айниқса, она­жонимнинг куну тун ёнларида бўлишлари, ака-ука, опа-сингилларим ва набиралари, барчанинг хиз­матга шай бўлиб турганини кўриб отам руҳан тетикланиб, ҳат­то ўзи ташқарига чиқадиган, бирпас бўлса-да, ҳов­лини айланадиган бўлди. Неча кунлик, неча сониялик умри қолганини Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Бечора падари бузрук тетикланиб қолга­ни­дан ҳар ҳолда жуда хурсанд эди. Ана шундай кун­ларнинг бирида... Отамнинг ёшлигида отасидан етим қолган жияни бор эди. Эрининг вафотидан кейин аммам бошқа турмуш қилмаган, бир неча фарзандлари билан отамнинг қа­рамоғида қолиб, болалари вояга етган эди. Уларнинг уй­ланиб, уйли-жойли бўлишларигача отамнинг хиз­матлари сингган. Ана шу жиянлари бир ой давомида шифо­хо­нада эканида бориб кўрмай, уйга кел­ганларидан ўн кунча ўтганидан сўнг ногаҳон пайдо бўлиб қолди. Ўз фарзандидек севикли жиянини кўриб, отам суюнди. Суҳбат асносида нима билан оғриганию қандай муолажалар қи­линганини сўраган жиянига отам батафсил сўзлаб бердилар. Бемеҳр жиян эса тап тортмай: “Яқинда бизнинг қишлоқда бир киши худди шу касал билан оғриб, униям операция қилишган эди. Аммо бир неча кундан кейин ҳа­лиги киши вафот этди, бечора. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг-да, тоға, ҳар тугул ёшингиз бир жойга бориб қолган одамсиз, ўғилларингизга айтинг, узоққа кетишмасин”, деган гапни айтса бўладими. Буни эшит­ган отамнинг аҳволи нима бўлди билмайман-у, аммо менинг бошимдан бир челак муздай сув ағдарилгандек бўлди. Танимда титроқ туриб, карахт аҳволга тушиб қолдим. Шу аснода нима мақсадда бу гапни айт­ганини ўзи ҳам билмайдиган “меҳрибон” жиян аста ўрнидан туриб жўнаворди. Мисоли бир азим чинорни қулатиб, умидвор қалбни синдириб, парчалаб кет­ди. Ўзим билмаган ҳолда, карахтлик билан ташқарига чиқиб кетибман. Қанча вақт ўтганини билмайман, бир ма­ҳал отамнинг кўнгилларини кўтариш мақсадида хоналарига кирсам, онам ёнларида ўтирибдилар. Не кўз билан кў­рай, шунча оғир дардни, қийинчиликларни бош­ларидан ўтказган, оғир дамлар­даям қадди букилмаган, сабру бардошда матонатли бўлган меҳрибонимнинг икки кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Юпатаман, далда бераман деб кирганман, лекин отамнинг бу хокисор, эгилган бошию кўздаги ёшини кўриб, нима қилишни билмай қолдим. Ёнларига чўкиб, қўлларини қўлимга олиб: “Ота­жон, йиғламанг, дард бошқа, ажал бошқа, Худо хоҳласа, тез кунларда яхши бўлиб кетасиз”, дедим. Шунда отам бошларини кўтариб: “Болам, ҳар бандага Яратганнинг ўлчаб берган ризқи бор. Агар ажалим шу дард туфайли бўлса, мен шундай таслим ва розиман, фақат сўраганим Раббим имонимни ҳамроҳ қилсин. Аммо мени йиғлатган бу нарса эмас, жигаримнинг фарзандини йиллар мобайнида ўз бағримда тарбия қилиб, қалбига меҳрни сингдира олмаган эканман, инсон қадрқимматини ўргата ол­маган, юмшоқ қалб этиб тарбиялай олмаган эканман. Раббим ҳузурида нима деб жавоб бераман, шу мени йиғ­латмоқда”, дея кўзёшларини тия олмасди. Шу кундан бошлаб тўшакка михланган отам бир неча кун ўтиб омонатни топширдилар», деб йигит сўзини тўхтатди. Дарҳақиқат, инсон қалбини забт этиш қанчалар қийин бўлса, қалбни синдириш шунчалар осондир. Юқори­даги воқеада бўлганидек, бағритош инсон­лар­нинг ўйламас­дан, киши дилини авайламасдан айтган ўткир тиғли гап­лари нафақат касалнинг, балки соппа-соғ инсоннинг қалбини ўлдиришга қодир. Фарзанд­лар­ни шундай тош қалб эгасига айланиб қолишларидан асрай билиш ва эҳтиёт қилиш энг муҳим вазифалардандир. Касал ҳолини сўраш Беморнинг ҳоли касаллик турига қараб сўралмайди, яъни киши дўстларидан қайси бири қандай касал бўлишидан қатъи назар, бориб кўриши керак. Касалнинг олдига кирганда, қуйидагиларга амал қи­линади: – очиқ чеҳра ва чиройли муомала билан мулоқот қи­лиш; – янги либос билан ҳам ва кир либос билан ҳам кирмаслик; – табассум билан кириб, бошига яқинроқ ўтириш; – касалнинг юзига тез-тез қарамаслик; – кўп ва баланд овозда сўзламаслик; – қўлини касалнинг пешонаси, юзи ё қўлига қўйиб ҳо­лини сўраш; – касални ҳар куни эмас, орада бир-икки кун ўтказиб зиёрат қилиш лозим. Касалдан кўнгли нима тилаши сўраб кўрилади, агар изҳор қилса, ўзи ё беморнинг аҳлу аёлига айтиб бўлса ҳам, ўша нарса муҳайё қилинади. Мабодо касалликка даво истаса, истаги ароқ ва шунга ўхшаш ҳаром нарсалардан бўлмаса, олиб келиш мумкин. Касалнинг одоби Касал қурбат ва шикоят важҳидан эмас, балки суннат жиҳатидан гоҳ-гоҳ нола қилади. Баъзан оғриқ­ла­ри енгил тортиши учун бошини бир нарса билан боғ­лаб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг балосидан паноҳ сў­рай­ди, чунки Унинг балосига ҳеч ким тоқат қи­лолмас. Бош оғриғи бўлса, “вораъсо”, яъни “вой бошим” демоқ суннатдир. Бемор дард ва алами кучайганида шукр қилади. Ўзига ўлим тиламайди. Бемор гуноҳларидан тавба қилиши ва хотимаси хайрли бўлиши учун жаноби Ҳақ субҳонаҳу таолонинг мағ­фиратига умидвор бўлиб, яхши гумонда бўлиши лозим. Қуръон ўқиши ва кўп зикр айтмоғи лозим. Агар Қуръон ўқишга ўзининг қуввати етмаса, бировнинг ўқиганини эшитиши ҳам жоиздир. Касал кўрувчи касалдан дуо қилишини сўраши мустаҳаб Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касал олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра, чунки касалнинг дуоси фаришталар дуосидек”, дедилар (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривояти). Касал ўлим тўшагида ётган бўлса, “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни эслатиш Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўлим тўшагида ётганларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб туринглар», дедилар (Имом Муслим ривояти). Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким­нинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти). Касални зиёрат қилиш одобларини Аллоҳ қодир қил­ганича баён этдик. Шояд, фарзанд тарбиялаш жа­раёнида муҳтарам мураббийларимизнинг илм ва таж­рибалари­га бу кўрсатмалар озгина бўлса-да фойда берса, камина улардан дуо ва Улуғ Раб­бимиздан улкан ажру савоблар умид қилиб қоламан. 


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан