1445 йил 11 Шаввол | 2024 йил 19 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:33
Sunrise
05:55
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:18
Isha
20:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БАҒРИКЕНГЛИК - БИРДАМЛИК АСОСИ

17-11-2020, 16:45 337 Ўқиш режими + -

Бағрикенглик - бирдамлик асоси 

         Бугун биз ҳаёт суръати  шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув асрида яшамоқдамиз. Шу маънода, глобаллашув ҳаёт суръатларининг беқиёс тезлашуви демакдир.
         Биз иқтисоднинг глобаллашуви ва  тезлашуви, коммуникацияларнинг тез ривожланиши, интеграция ва ўзаро боғлиқлик, кенг миқёсли миграция ва аҳолининг кўчиб юриши, шаҳарлашув ҳамда ижтимоий тузилмаларнинг янгидан ўзгариши асрида яшамоқдамиз. Ҳар бир минтақа хилма - хилдир ва шунинг учун тоқатсизликни ва низоларни кучайтириш дунёнинг барча ҳудудларига бирдек таҳдид солади. Бундай таҳдиддан миллий чегаралар ортига беркиниб бўлмайди, чунки у умумбашарий хусусиятга эгадир.
Ҳар бир дин ўз издошларини миллати, ирқи ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, бирдамликка, ўзаро яхшилик қилишга ундайди. Жумладан, ислом динидаги “жамоатдан ажралмаслик”, “одамларнинг яратган олдидаги тенглиги” ғоялари бунинг ёрқин мисолидир. Бироқ инсоният тарихи диннинг уюштирувчилик ва йўналтирувчилик қудратидан ғаразли мақсадларда фойдаланилганда у миллий ва диний асосдаги адоватларга замин яратиб, улкан салтанатнинг инқирозга юз тутиши ва парчаланишига сабаб бўлганидан ҳам гувоҳлик беради.
Таассуфки, бугунги кунда ҳам диндан ўзаро адоват ўйғотиш ва айирмачилик мақсадида фойдаланишга уринаётган кучлар мавжуд. Бунда улар миллатлараро адоват ўйғотиш, асрлар оша бир ўлкада яшаб келган турли халқлар ва дин вакиллари орасида низо уруғини сочиш орқали мамлакатдаги ижтимоий вазиятни беқарорлаштиришдек манфур мақсадларни кўзлаб иш олиб бормоқдалар. 
Диндан миллатлараро адоват ўйғотишда фойдаланиш, миллатчилик ва диний  айирмачиликни келтириб чиқариш йўлидаги ҳаракатларнинг ислом дини таълимотига зид эканини Қуръон оятлари, ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва халқаро ҳужжатларда баён этилган фикрлар ҳам тасдиқлайди.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила(элат)лар қилиб қўйдик”,  Бақара сурасининг 136-оятида эса Айтингиз (Эй, мўъминлар!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса(Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик  (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғмбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз унга (Аллоҳга) бўйинсунувчилармиз” деган.
 “Бағрикенглик” (толерантлик) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир бирини тўлдирувчи мазмунга эга.  Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидамлилик, бардошлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин. Шундай бўлсада бугунги кунда чуқур ижтимоий- сиёсий ва маданий – маърифий мазмун касб этган ушбу тушунчанинг кўпчилик томонидан тан олинган илмий таърифи йўқлигини, аммо у ифода этадиган асосий сифат ва хусусиятлар умуман тавсифланганини таъкидлаш зарур.
Бизнингча, бағрикенлик моҳият эътибори билан “бошқалар” ва “ўзгача” қадриятлар ҳақидаги билимлар, баҳолар ва унга асосланган амалий фаолият тизимини ўз ичига оладиган ижтимоий-маданий ҳодисадир.
 “Бағрикенлик” тушунчаси фалсафа, психология ва педагогика каби қатор фанлар доирасида, кўп ҳолларда “миллатлараро мулоқот маданияти” атамаси сифатида таҳлил этилган деб айтсак хато қилмаймиз.
Бағрикенглик, тоқатлилик ўзаро фарқни тушуниш ва ўзгаларга нисбатан зўрликдан воз кечишни англатади. Бағрикенгликнинг мазмуни ва чегараси маданий анъаналар, жамиятдаги шарт-шароитлар ва бошқа кўплаб омилларга кўра фарқланади. Тоқатлилик эса, бу ҳама нарсага йўл қўйиш, ҳар нарсани кечириш эмас, балки фаол ҳаракатни, айниқса тоқатсизликнинг турли шаклларига нисбатан бўладиган фаолликни англатади. Шундай қилиб, бағрикенглик бу муайян шахсий ва ижтимоий қадриятлар ва хулқ-атвор меъёрларини амалга оширишга қаратилган доимий интилишдир.
Умуман олганда, Қуръони Каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар.
Аллоҳ таоло: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга иймон келтирса, демак, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ  эшитувчи ва билувчидир” деган. (Бақара сураси, 256-оят) . Бизнингча, бағрикенглик моҳият эътибори билан “бошқалар” ва “ўзгача” қадриятлар ҳақидаги билимлар, баҳолар ва унга асосланган амалий фаолият тизимини ўз ичига оладиган ижтимоий-маданий ҳодисадир
         Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин, ҳар биримиз қайси юртда яшамайлик, қайси динга эътиқод қилмайлик, бир-биримизнинг динимиз, қадриятларимизни қадрлаб, ҳурмат қилишимиз лозим булади. Жаҳон мамлактларига назар ташлайдиган булсак,  тараққий этган давлатларнинг  барчасида  албатта диний бағрикенглик ғоялари  илгари сурилган. Қайси бир давлатда   диний бағрикенглик тушунчаси ожиз бўлса юрт тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлиб қолади. 
 

Муҳаммади ҚОРАЕВ
 
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жомеъ 
масжиди имом-хатиби.