1442 йил 20 Рабиъус соний | 2020 йил 05 декабрь, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:20
Sunrise
07:40
Dhuhr
12:28
Asr
15:35
Maghrib
17:15
Isha
18:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМ – БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИ

17-11-2020, 16:46 29 Ўқиш режими + -


ИСЛОМ  – БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИ

Ислом  сўзи тинчлик, саломатлик, хотиржамлик маъноларини англатиб, замирида барча инсоний фазилатларни ифода этувчи сўздир. Ислом эзгулик, саховат, бағрикенглик ва илм дини ҳисобланади. У ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳаққа мойил, бағрикенг дин ила юборилдим”, деб марҳамат қилганлар. 
Ислом дини инсонларни доимо бирдамлик, бир-бирига мурувватли бўлиш, минг йиллар давомида шаклланган ирқчилик, маҳаллийчилик каби салбий феъл - атворга қарши курашга ундаб келган. Тарихда илк бора бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча пайғамбарларнинг оға - ини экани, уларнинг умматлари ҳам бир - бирига бегонамаслигини айтганлар, яҳудий ва насронийларни мусулмонлар билан бир юртда, ҳар ким ўз динига эркин эътиқод қилиб, бир - бирига озор бермай яшашини жорий қилганлар. Умматларига улар билан тинчликда, яхшиликда муносабатда бўлишни қайта - қайта уқтирганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг юзлаб оятларида Ислом биродарлик, бағрикенглик дини экани ҳақидаги маъноларни нозил қилди. Хусусан, “Кафирун” сураси 6 оятида: “Сизларга ўзингизнинг динингиз, менга ўзимнинг диним”, дея жавоб беришни ўргатди. 
Пайғамбаримиз аҳли китоблар, зиммийлар билан доимо ҳусни муомалада бўлганлар. Уларга мактублар ёзар, касалини сўрар, ҳолидан хабардор бўлардилар. Бир куни у зот мусулмонлар, мушрик ва мажусийлар бор бўлган мажлис  ёнидан ўтаётиб, унинг аҳлига салом бердилар, тоифачилик, динлараро тафовутга қарамай, биз умматларига бағрикенглик намунаси, одоб ўрнагини кўрсатдилар.
Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади: “Яҳудий бўладими, насроний бўладими, мажусий бўладими, салом берса, алик олинг. Чунки Аллоҳ: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”, деган.
Ислом дини зўравонлик, кишилар устидан ҳокимлик қилиш, динга зўрлаб киритиш каби ишларни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 256 оятида : “Динда зўрлаш йўқ”, деб қатъий сўзни айтган, одамларни ҳатто динга киритиш учун бўлса-да, бошқага зўравонлик қилишдан қатъий қайтарган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким аҳли зиммага озор берса, Қиёмат кунида мен унинг хусуматчисиман”, деб умматларини одам фарзандига озор беришини ман этганлар.
Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг бир хизматчиси қўй сўйиб, терисини шилаётган еди. Шунда у киши хизматчига: “Эй бола, қўйни сўйиб бўлгандан кейин (тарқатишни) яҳудий қўшнимиздан бошлагин”, деди. Ҳа, Исломнинг ўз умматига берадиган таълими ва талаби мана шу – бағрикенг бўлиш, фақат ва фақат тинчлик йўлида бирлашишдир. Бу маъно Ўзбекистоннинг “Бағрикенглик декларацияси”да ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда: - “Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди. Тинчликсиз эса тараққиёт бўлмайди”, дейилади. 
Бағрикенглик хоҳ динда бўлсин, хоҳ дунёвий муомалот масалаларида бўлсин, инсониятга доимо яхшилик келтирган, унинг муваффақиятига хизмат қилган.  Тарихга қарайдиган бўлсак, кечиримли бўлиш, бағрикенглик билан муомалада бўлиш инсониятга фақат манфаат келтирган. 
Абу Ҳанифа р.а. хатокорларга нисбатан ўта кенгбағир эди.  Унинг кечани мастлик билан, шовқин - сурон қилиб ўтказадиган қўшниси бўлар, атрофдагиларни доимо безовта қиларди. Бир куни ана шу қўшни йигитнинг овози чиқмай қолди. Бундан хавотирланиб, хабар олишга чиққан мазҳаббошимиз, унинг мастлиги сабаб миршаблар олиб кетганини эшитиб қолдилар. Орага тушиб уни ҳибсдан озод қилгач, оғир ботмайдиган қилиб хатосини тушунтирдилар. У йигит ичишни, беҳуда юришни ташлаб, илм ҳалқасига қўшилди, солиҳлар қаторидан жой олди.
Ҳа, кенгбағирлик динимиз зийнати, исломий тарбия асосидир.  Яхшига гўзал муносабатда бўлиш  уни янада яхшиликка мойил қилади, ёмонга эса, энг камида унинг ёмонлигидан омонда бўлишни таъминлайди. 

 
М. Қораев 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги 
вакили ўринбосари