РАЖАБ-МУБОРАК ОЙ
4079
9-02-2021, 14:34
1 566
Ўқиш режими
+
-
Ушбу жорий йилнинг 13 февраль куни ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича янги ой киради. Бу янги ой Ражаб ойи деб аталади. Ражаб ойи ҳақида гапиришдан олдин, “ражаб” сўзининг маъносига эътибор берсак, маъқул бўлади.
Хўш, “ражаб” сўзи нима маънони англатади?
“Ражаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “қўрқмоқ”, “улуғламоқ” каби сўзларнинг маъносини англатади.
Маълумки, ражаб сўзи учта ундош ҳарфдан иборат. Уламоларимизнинг айтишларича, “ражаб” сўзидаги биринчи ундош “р” ҳарфи “раҳм” сўзидан, иккинчи ундош “ж” ҳарфи “журм”, яъни айб-нуқсон, гуноҳ сўзидан, охирги ундош “б” ҳарфи эса барий, яъни поклик сўзлари олинган. Бу ҳарфлар Аллоҳ таолонинг меҳрибонлик, айб-нуқсонларни кечиргувчи ва пок эканлик сифатларини ифодалаган сўзлар бош ҳарфларини ифодалайди.
Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (Моида сураси, 2-оят).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да“Уруш ҳаром қилинган ҳурматли ойлар ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир” дейилади. Дарҳақиқат, оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Мазкур ойларда уруш-жанжал қилиш катта гуноҳдир.
Ривоят қиладиларки, Ражаб ойи тугаганда Аллоҳ уни ҳузурига чақириб: “ Эй менинг ойим, қайси бандам сени дўст тутди ва ҳурматингни бажо келтирди? “ деб сўрайди. Ражаб ойи сукут қилади. Аллоҳ таоло: “ Нега сукут сақлайсан?” деб сўрайди. Ражаб ойи ўзини эшитмасликка олади. Аллоҳ таоло: “ Эй асам ( эшитмовчи, кар) ой, нега гапирмайсан?” деб сўрайди. Ражаб ойи шундай жавоб беради: “ Илоҳо, сен раҳмлик, журму-хатоларни кечиргувчи саттор, мен эса ўзини асам ( эшитмовчи, кар)ликка солган ойман. Мен сенинг бандаларингни гуноҳ ишларини эшитмадим аммо эзгу амалларига шоҳид бўлдим”. Шунда Аллоҳ таоло: “ Эй Ражаб ойи, сен менинг бандаларимнинг гуноҳларини эшитмаганга олдинг, мен ҳам бандаларимни гуноҳларини мағфират қилдим. Уларнинг эзгу ишларига ижобат қилдим” дер экан. “ Мажлисул-анвар” китобида Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари берилади: “ Эй бандам, Ражаб ойи ҳурмати учун сенинг гуноҳларингни ўз раҳматим билан мағфират этдим, сенинг гуноҳинг қолмади”. Ражаб ойи инсонларнинг гуноҳлари кечириладиган ва уларнинг эзгу амалларининг қабул бўладиган ой сифатида эътироф этилади. Халқимиз орасида Ражаб ойида туғилган фарзандларга Ражаб деб исм қўйиш одати бор.
Ражаб ойининг 26 кунидан 27 кунига ўтар кечаси Мерож воқеаси юз берган кеча ҳисобланади. Шу сабабли бу кеча “Меърож кечаси” дейилади. Меърож кечаси ҳақида: “ Қуръони карим”да шундай дейилади: “ ( Аллоҳ) бир кеча, ўз бандасини –унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун Масжидул-Ҳаромдан биз атрофини барокатли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган ( барча айбу-нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитувчи, кўргувчи зотдир”. ( Исро сураси, 1-оят).
Меърож пайғамбаримизга берилган мўъжизалардан биридир. Пайғамбаримизга берилган Меърож кечаси ҳақида Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларида шундай дейдилар:
Худовандим ато қилди анга меърож,
Раҳмат баҳри тўлиб -тошиб урди маввож.
Қўйди ани боши узра ло-амрук тож,
Чин умматсен, эшитиб дуруд айтинг, дўстлар.
Меърож кечаси Жаброил фаришта Буроқ деган от олиб келиб, пайғамбаримизни сайр қилдирганлиги ҳақида шундай дейилади:
Аввал Жаброил олиб келди анга Буроқ,
Буроқ миниб келди Ҳазрат минг тумтуроқ,
Буроқ учиб парвоз қилди Ҳинд-ал-Ироқ,
Чин умматсен, эшитиб дуруд айтинг, дўстлар.
Пайғамбаримиз Меърожлари ҳақида ўз даврида турли хил мунозаралар бўлган. Пайғамбаримиз Меърож кечаси Масжидул-Ақсо томонидан келаётган карвонни кўрганликлари айтадилар. Пайғамбаримиз карвоннинг кўринишини ва уни Макка шаҳрига келадиган кунини ҳам ҳисоб-китоб қилиб айтиб берадилар. Пайғамбаримиз тавсиф қилган карвон айтилганидек Макка шаҳрига кириб келади. Карвонни кутиб олгани чиққан кишилар пайғамбаримиз айтган гапларининг ҳақлигига шоҳид бўлишади. Пайғамбаримизга берилган Меърож кечаси ҳақида шак қилмаслик ва бу иш Аллоҳ таоло учун осон эканлиги ҳақида Сўфи Аллоёр шундай ёзади:
Муҳаммадким, эрур афзал ва асдақ,
Эрур бешак шаби меърож барҳақ.
Ҳарамдин масжиди ақсога ногоҳ,
Олиб боргонидур оятда огоҳ.
Ҳам ақсодин самоға борди ул нур.
Бу сўзнинг сидқига ахбор машҳур,
Самодин юқори ҳар қайси жоға,
Иноят айлади ул бо сахога.
Бариға сидқимиз, иқроримиз бор,
Эмас ҳеч қайси иш Тангриға душвор.
Мақоми сидраву нажму малакни,
Беҳишту аршу курси, нўҳ фалакни,
Агар бир кечада кўрсатса, не кам,
Вагар бир дамда кўрсатса не шак ҳам.
Начук ҳукм айласа қодир худодур,
Чарову чун демак қулдин хатодур.
Аниқ билгил анинг меърожин, эй ёр,
Тани бирла эди, ҳам эрди бедор.
Ҳабибин ҳар неча қилса сарафроз,
Худонин раҳмати кўпдир, эмас оз.
Меърож кечасида пайғамбаримиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлиб қайтадилар. Пайғамбаримиз ўша кечада Аллоҳ таолодан буйруқ ва қайтариқлардан иборат ҳукмларни қабул қилиб олдилар ва умматлари учун дуо қиладилар. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари “ Лисонут-тайр” асарида шундай ёзадилар:
Ҳам кўруб жонон жамолин кўз била,
Васлидин ҳам баҳра топиб сўз била,
Айлабон идрок тўқсон минг калом.
Лек асносида юз минг эҳтиром.
Оси(й) умматнинг гуноҳин истабон,
Барча аҳволин табоҳин истабон.
Ҳар не истаб Ҳаййи Мутлақдин топиб,
Ҳақ тилаб, Ҳақдин тилаб, Ҳақдин топиб.
Меърож кечасида пайғамбаримиз ( с.а.в.)га жаннат кўрсатилади. Жаннат ўртасидан катта бир ариқ оқиб ўтар экан. Ўша ариқнинг номи Ражаб. Жаннатдаги Ражаб ариғининг суви қордан оқ, асалдан шириндир. Ражаб ойида ихтилоф ва уруш-жанжаллардан тийилиб, эзгу амаллар қилган инсонлар охиратда бу ариқдан сув ичишади.
Қадимда Ражаб ойи келса, бу ойнинг ҳурматидан инсонлар ўзаро ихтилофларини, уруш-жанжалларини тўхтатганлар. Бу эса Ражаб ойи инсонларга хотиржамлик-тинчлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади. Шу сабабли хотиржамлик-тинчлик ойи бўлган Ражаб ойи ва ундаги Меърож кечаси инсоният учун манфаатли ой ва кунлардир. Бу ой ва ундаги кунларда қилинган эзгу дуолар қабул бўлади. Ва уларда қилинган хайрли ишларга катта ажрлар берилади.
Аллоҳ таоло келаётган Ражаб ойини барчамизга муборак қилсин!
Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари