Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган киши борми...
5738
19-10-2021, 09:37
279
Ўқиш режими
+
-
Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган киши борми...
Мурувватнинг асли ҳаёдир. Унинг меваси иффатдир. Фазилат эса тилига эгалик қилиш, тилини жиловлай олиш, моддий ва маънавий эҳсонда саҳий бўлиш демакдир. Саҳийликнинг энг афзали ўзингга йўқ пайтда бировга чиқариб беришдир. Фазилатларнинг боши фазилатлироқ ишларни қилиш билан белгиланади...
-Кичкинагина қишлоқда бир кекса рассом яшар экан. У беқиёс суратлар чизар ва уни яхшигина нархда сотар экан. Кунларнинг бирида қишлоқдаги бир фақир киши келиб унга шундай деди: Сен бу ишинг билан кўп мол топасан. Нима учун бу қишлоқдаги фақирларга ёрдам бермайсан? Анави қассобга қара, кўп бой бўлмасада, ҳар куни фақирларга бир неча бурда гўшт тарқатади.Рассом унга жавоб қилмай табассум қилиб қўя қолди. Фақир киши рассомнинг ҳузуридан хафа бўлиб чиқди ва қишлоққа рассомнинг пули кўплиги, аммо бахил эканлиги ҳақида гап тарқатиб юборди. Қишлоқ аҳли ундан нафратланишди. Бир муддат ўтиб кекса рассом бемор бўлди. Уни кўргани қишлоқ аҳлидан ҳеч ким келмади. Унга ҳеч ким эътибор бермади. У шу ҳолати билан ёлғизликда вафот этди.
Вақт ўтди. Қишлоқ аҳли қассобнинг текинга гўшт тарқатмаётганини ҳис қилиб қолишди. Ундан бунинг сабабини сўрашганда у шундай деди: "Кекса рассом ҳар ой менга қишлоқдаги фақирларга текин гўшт тарқатишим учун етарли маблағ бериб турар эди. У вафот этгач маблағ ҳам тугади. Энди гўшт ҳам йўқ".
Хулоса: Баъзида биз ишларнинг фақат зоҳирини кўрамиз. Баъзи буюклар махфийликдалар. Улардаги ҳолат шу даражадаки, улар қилган амалларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билишини ҳоҳлашмайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажакдирсиз” (Бақара, 245).
Пайғамбаримиздан сўрашди: “Ё Аллоҳнинг Расули, қайси садақада фазилат кўпроқ?” у зот дедилар: “Камбағалга яширинча берилган садақадан кўра, камбағаллашиб қолишдан қўрқиб, ишлаб топганидан берган садақада фазилат кўпроқдир”. Сўнгра Аллоҳнинг Расули ушбу оятни келтирадилар: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара, 271).
Қайси мусулмон бошқа мусулмонни кийинтирса, Аллоҳ уни жаннат яхшиликлари билан кийинтиради. Қайси мусулмон оч қолган мусулмонни едирса, Аллоҳ унга жаннат меваларидан едиради. Ким чанқаган мусулмонни қондирса, Аллоҳ уни асалдай (ширин) тоза сут билан қондиради.
Аллоҳнинг Расулидан сўрашди: “Қайси садақанинг фазилати улуғроқ?” у зот дедилар: “Ичида сенга яширинча адоват (душманлик) сақлаётган яқин танишларга берилган садақа”. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бундай савол беришди: “Мусулмоннинг қайси амаллари яхшироқ?” у зот дедилар: “Йўқсилларни едиришнинг, таниган-танимаган ҳар кишига Аллоҳдан омонлик тилашингдир”. Аллоҳга нисбатан бандалик вазифаларингизни адо этингиз. Йўқсилларни едирингиз. Ҳар кимга Аллоҳдан омонлик тиланг. Жаннатга кирасиз! Йўқсил мусулмонларни тўйдириш Аллоҳнинг раҳматини жалб этувчи сабаблардандир. Сабабсиз бировни айблаш улкан гуноҳлардандир. Ҳар бир инсон ўзини таниши ўзи учун кифоялик қилади. Бундай ҳолатда инсонларнинг ҳукми адолатли бўлмайди. Афсуски, орамизда шундай тоифадаги инсонлар борки, бирор кишини яхши кўришса, унинг айбларини ҳам фазилатга айлантириб юборишади. Агар бир кишини ёмон кўриб қолишса, унинг яхшиликларини ҳам ёмонликка айлантиришади. Ёдда сақламайдиларки, улар Лут алайҳиссалом оиласини қишлоқдан чиқариш учун айтарли айб топа олмай: “Лутнинг оиласини чиқаринг. Улар покиза кишилар” – дейишган эди. Инсонлар Иброҳим алайҳиссалломни куфрда, Юсуф алайҳиссалломни зинода, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни сеҳр ва ёлғонда айблашган эди...
“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус ислом билим юрти
Нилуфар Аҳадовна