Дунёни аҳволи шундайки, ундаги ҳамма нарса ёмонлик ва севинчга сабаб бўладиган ҳодисаларга сарфланади. Бутун дунё аҳлига бундай ҳаётда яшаш осон эмас...
Сўнгги бобурий Баҳодиршоҳ замонида яшаган, «Ҳужжатул-Ислом» Қосимун Нонутвийнинг олдига Мерад шаҳрининг ҳокими Илоҳийбаҳш катта бир идишда олтин ва пулларни олиб, ҳадя қилгани келибди. Йўлда ўйлабди: «Мен қилгандек ҳадяни у зотга ҳеч ким ким қилмаган бўлса керак». Шу пайт Қосимун Нонутвий Масжиди Чаттанинг олдида сочларини олдириб ўтирган экан. Ҳоким салом берибди. У зот алик олибдию, лекин унга қарамабди. Илтифот кўрмаган ҳоким мақсадга ўтибди:
- Ҳазрат, сизга бу ҳадяни олиб келган эдим...
- Сенинг ҳадянгни олишга менинг ҳожатим йўқ.
- Сизнинг олишга ҳожатингиз бўлмаса, менинг беришга ҳожатим бор. Савоб олмоқчиман.
- Мен Девбанд мадрасасидан 7,5 рупий ойлик оламан. Бу менинг бир ойлик рўзғоримга етади. 8 рупий олиб қўйсам, ярим рупийни нима қиларкинман деб кечаси ухлолмай чиқаман. Сенинг бир қоп пулингни нима қиламан.
Ҳоким кўнглидан ўтказибди: «Ўзи олмаса, шогирдларига бўлиб берса бўлмасмикан?». Шайхул Ислом шу заҳоти дебди:
- Агар сенинг кўнглингда бу пулларни шогирдларга бўлиб бериш бўлса, ўзинг бера қол. Мен аралашмайман.
Ҳоким шарманда бўлиб, аста масжиддан чиқибдида, остонада турган шайхнинг ковуши устига барча пулларни тўкиб кетаверибди.
Қосимун Нонутвий масжиддан чиқиб қараса ковушлари йўқ. Пулга умуман эътибор бермай ковушни қидираверибди. Шогирдлари пулларнинг тагидан ковушни топиб бергач, шайх пулларни олинглар ҳам демай кетаверибди.
Миёнжий деган халфаси “наҳот шунча пулгаям қарамадия” деб ҳайрон бўлиб турса, шайх айтган эканлар: Одамлар дунё топаман деб ковушда юравериб, ковушлари ейилиб кетаяпти. Аммо дунё демасдан, Худо деганим учун дунё ковушимга сажда қилиб юборди…Дунё ҳаёти, Аллоҳнинг ҳикмати тақозосига мувофиқ, ғоят мураккабдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар Раббингиз хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир хил динга тобе) қилган бўлур эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб бораверадилар. Раббингиз раҳм қилган кишилар эса, бундан мустаснодирлар...”(Ҳуд, 118-119).
Агар бир кимсанинг дунёвий аҳволи яхши бўлса, яъни куни осонлик билан ўтса, Аллоҳ дунёни унга хизмат қилдирса, у кимса буни шукр билан қарши олиши ва гўзал амаллар ила Аллоҳга юзланиши ва дунёга мағрур бўлмаслиги шарт. Гўзал амаллар билан машғул бўлиш – ёмон ишлардан тийилиш деганидир.
Туну кун ухлайсан, босганча ғафлат,
Эй мағрур, билмайсан: ғафлат фалокат.
Бўм-бўш амалларга севинма–алдар,
Мағрурлар шундан ҳам мағрурланарлар.
Нафрат уйғотмасми сенда бу ҳаёт,
Бундай ҳаёт учун бор-ку ҳайвонот.
Нилуфар Аҳадовна“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус ислом билим юрти