1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САФАР ВА УНГА ДОИР ОДОБЛАР (1-ҚИСМ)

9-12-2021, 13:46 246 Ўқиш режими + -
Инсон ҳаёти доим бир маромда, бир жойда кечмайди. У ҳар хил сабаблар билан узоқ яқинларга турли муддатларда сафар қилишга эҳтиёж сезади. Ҳақиқатда мусулмон киши ҳаж ва умра, илм талаби, ризқ излаш, яқин кишисини зиёрат қилиш ва ҳаказо сафарларга чиқади.
 Аллоҳ таоло бандаларини саёҳат қилиш, унинг неъмат ва яратганларидан ибратланишга буюриб шундай дейди:
 (قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ بَدَأَ الْخَلْقَ)
سورة العنكبوت 20   
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Ерда сайр қилиб, (Аллоҳ) қандай қилиб яратишни бошлаганини кўрингиз!” (Анкабут сураси, 20-оят).
Қуйидаги оятда эса саёҳат қилиб ўтган умматларнинг ҳолидан ибрат олишга чақирилади:
 (قُلْ سِيرُواْ فِي الأَرْضِ ثُمَّ انظُرُواْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ)
  سورة الأنعام11
яъни: “Айтинг: “Ерни сайр қилиб (айланиб) чиқингиз. Сўнгра (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганларнинг (охир)оқибати не бўлганини кўрингиз!”” (Анъом сураси, 11-оят).
Кейинги оятда турли мақсадларда саёҳат қилишга буюрилмоқда:
( هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِن رِّزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ)
  سورة الملك 15  
яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).
Динимизда сафар машаққатлари эътиборга олиниб, бир қанча масалаларда енгиллик берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
 يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ وَخُلِقَ الْإِنْسَانُ ضَعِيفًا
яъни: “Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилганда!” (Нисо сураси 28-оят).
Сафар рухсатлардан фойдаланиш учун шаръий сафар юзага чиқиш керак. Қисқа масофаларга сафар қилинса шаръий рухсатлардан фойдаланиб бўлмайди.
Имом Муслим ривоят қиладилар:
 وَعَن شُرَيْح بن هَانِئ قَالَ : أتيت عَائِشَة أسألها عَن الْمسْح عَلَى الْخُفَّيْنِ ، فَقَالَت : عَلَيْك بِابْن أبي طَالب فَاسْأَلْهُ فَسَأَلْنَاهُ فَقَالَ : " جعل رَسُول الله [ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ ] ثَلَاثَة أَيَّام ولياليهن للْمُسَافِر ، وَيَوْما وَلَيْلَة للمقيم " 
Шурайҳ ибн Ҳониъ айтадилар: “Оиша онамизнинг ёнларига маҳсига масҳ тортиш ҳақида сўраб бордим. У киши: “Али ибн Абу Толибдан сўрагин”, дедилар. Ҳазрати Алидан сўраганимизда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам маҳсига масҳ тортишни мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилиб белгилаб берганлар”, деб жавоб бердилар” (Эълоус сунан, Мусофирнинг намози, Қаср масофаси боби, 7-жилд, 259-бет).
 Сафар масофаси ҳақида “Жомеъус сағир китобида айтилади: “Туянинг юриши ёки пиёда юришда уч кечаю уч кундузлик йўлни қасд қилиб чиққан муқим киши шаҳрининг биноларидан ўтиб кетса (узоқлашса), намозни қаср қилиши лозим ва унга рўзани тутмасликка рухсат бўлади. Тоғда ҳам уч кечаю уч кундуз юриш эътиборга олинади, агарчи текисликда бу масофани камроқ вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам”” (“Хулосатул фатово”, Мусофирнинг намози, 22-фасл).
Уламоларимиз уч кечаю кундузлик йўл тақрибан ≈96 км масофага тенг дейдилар. Ҳозирги кунда тезкор уловлар ёки учоқлар билан мазкур масофани қисқа муддатда босиб ўтса ҳам, шаръий сафар ҳисобланади.
Яна муҳим нуқта шуки, мазкур масофани қасд қилиб йўлга чиққан киши бориб тушган манзилида 14 кун ва ундан кам яшаса, у мусофир бўлиб, намозларини қаср қилади ва бошқа рухсатлардан фойдаланади. Агар борган жойида 15 кун ва ундан кўп турса, у муқим ҳисобланиб, рухсатлардан фойдалана олмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам йўлда мусофир ҳисобланади.
Чет элларга турли мақсадлар билан борган ва у ерда 15 кундан ортиқ, балки йиллар давомида яшайдиган кишилар, ўзларини мусофир деб атасаларда, муқим ҳукмида бўладилар, рухсатлардан фойдалана олмайдилар.


ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди