1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИХЛОС – АМАЛЛАР АСОСИ

29-12-2021, 15:56 311 Ўқиш режими + -
ИХЛОС – АМАЛЛАР АСОСИ
(1-қисм)
Ихлос сўзини кундалик ҳаётимизда жуда кўп қўллаймиз. Бугун ана шу атаманинг динимизда нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида сўз юритамиз. Ихлос – қалб амалларидандир. Балки у қалб амалларининг ҳам бошида туради, чунки амаллар фақат ихлос бўлсагина, қабул бўлади. Демак, ихлос – амал ила Аллоҳ таолонинг розилигини ирода қилишдир! Бошқача айтганда амалга киришганда Аллоҳ ва охират  учунгина киришиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам банда хоҳ ошкора, хоҳ махфий амални қилишда нафсига марғуб бўлган жиҳатларни қўшиб юбормаслиги керак бўлади.
“Ихлос” калимаси луғатда “бирон кишига нисбатан самимий, холис, содиқ бўлиш” деган маънони ифодалайди.
Шариат истилоҳида эса у “Аллоҳ таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади.
Дарҳақиқат, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади.
Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамлар сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса – ҳалокатга юз тутади.
Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Аллоҳ таоло биздан аввал ўтган қавмларни ҳам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай дейди:
  وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
яъни: “Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси 5-оят).
Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, мана бундай дейди:
 وَمَنْ أَحْسَنُ دِينًا مِمَّنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ
яъни: “Муҳсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?” (Нисо сураси 125-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
 قالَ اللَّهُ تَبارَكَ وتَعالَى: أنَا أغْنَى الشُّرَكاءِ عَنِ الشِّرْكِ، مَن عَمِلَ عَمَلًا أَشْرَكَ فِيه مَعِي غَيرِي، تَرَكْتُهُ وشِرْكَهُ 
яъни: “Аллоҳ таборака ва таоло айтди: “Мен – шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман! Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилурман” (Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда ихлоссиз ўрганилган илмнинг зарари ҳақида бундай дейилган: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:
مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ لاَ يَتَعَلَّمُهُ إِلاَّ لِيُصِيْبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا،  
لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الجَّنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
(رواه الإمام أبو داود)
яъни: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Аллоҳ таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига – гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам – ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг – гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да – гуноҳларини кечиради.
Ихлоснинг энг катта фойдаларидан бири шундан иборатки, агар бирор-бир амал Аллоҳ таоло учун холис, фақат Унинг Ўзигагина қуллик қилган ҳолда бажарилса, Аллоҳ Таоло банданинг катта гуноҳларини ҳам кечиб юборишига сабаб бўлади.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди