Сўзлагин сўзинг кумуш бўлса,
Тек турганинг олтин, демишлар.
Бу сўзнинг маъносига қараганда ҳар ерда сўзлашмасдан, жим туришга тўғри келади. Лекин бу ўринда сўзни сўзлаганингдан тек турганинг яхшироқ дейилмоқда. Ҳар нарсанинг ўлчови бордир.
Сўзга ёлғон қўшмак, кишининг айбини сўзламак, шунга ўхшаш ярамас сўзларни, кишининг номусига тегадиган сўзлар айтиш зарар бермай қолмас.
“Кўп ўйла, оз сўйла”, “Фойдасига санга, зарари манга”. “Сўзинг яхши бўлса сўзла, бўлмаса, тек тур”, дейилган ахир.
Донолар: “Бировни сўкмангиз, масхара қилмангиз. Ғийбат қилмангиз, саломат бўлурсиз”, демишлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларига алоқаси бўлмаган нарсадан тилларини сақлар эдилар" (Бағавий ривояти).
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "(Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) узоқ сукут сақлаб, кам кулар эдилар" (Байҳақий ривояти).
Энди ўзимизнинг ҳолимизни мана шу кўрсатмаларга таққослаб кўрайлик. Тил офати ҳақида бутун бошли китоблар битилган. Ҳақиқатда ҳозирги кунда бошимизга келаётган балоларнинг аксари мана шу бир парча гўштни тўғри тутмаганимиздандир.
Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги баланд-парвоз гапларнинг кўплигидан инсоннинг боши айланади. Бу гап соҳибларининг сўзларини эшитган киши уларни қаҳрамон тимсолида кўради. Аммо шахсий ҳаётларини билган одам уларнинг амаллари жуда ҳам озлигини кўради.
Кўп ҳолларда икки елкамиздаги котиб фаришталар ҳақида унутиб қўямиз. Унутмайлик, "гувоҳимиз" ҳамиша ҳозир!
Тил офатлари тўғрисида гап кетганда, уларни еттита офатга бўлиб кўришимиз мумкин:
Биринчи офат – кераксиз сўз;
Иккинчи офат – ботилсўзга киришиш;
Учинчи офат – гапдачуқур кетиш;
Тўртинчи офат – фаҳш, сўкиш ва ачитиб гапириш;
Бешинчи офат – мазах;
Олтинчи офат – масхара ва истеҳзо;
Еттинчи офат – ёлғондир.
Тил офатидан биринчиси кераксиз сўз бўлиб, вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса умрни бекор ўтказишдир.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзига кераксиз нарсани тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир”, – дедилар”.Термизий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, – дедилар”.Тўртовлари ривоят қилишган.
Ибн Амрдан ривоят қилинади:
“Ким сукут сақласа, нажот топади”.Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Саъийддан ривоят қилинади:
“Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: “Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз, дейдилар”.Термизий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра айтади: “Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди”, деган.
Ҳакимларнинг биридан: “Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?” деб сўралганда, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жавоб берган экан.
Давоми бор...
Нилуфар Аҳадовна“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти