1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хулқимизни чиройли қилайлик

23-12-2022, 12:57 489 Ўқиш режими + -
Инсоннинг ҳурмат қозониши, кишилар ўртасида обрў-эътибор топишида унинг гўзал хулқ-атвори муҳим роль ўйнади. Ширинсуханлик, мулойимлик, каттага ҳурма, кичикка иззат, кенгфеъллилик каби фазилатлар, инсон умрини безайди. Уни ҳам Аллоҳнинг ҳузурида, ҳам бандалар олдида суюкли қилади. Ана шундай гўзал фазилатлар борасида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин-мусулмонларга ўрнак бўлдилар. Зеро у зот шу вазифа билан вазифалантирилган эдилар. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!.”
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қиёмат куни савоб ва гуноҳлар тортиладиган мезондаги энг оғир нарса ҳусни хулқ эканини айтдилар: “Қиёмат кунида мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан-да оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ қўпол ҳамда фаҳш сўзларни сўзловчи кимсани ёмон кўради”. Имом Термизий ривояти.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни қиёматда бандалар ўртасидаги бир-биридан тафовут қилувчи афзалликнинг асоси қилиб белгиладилар ва: “Охиратда Менга энг маҳбуб ва энг яқин бўладиганингиз хулқи энг яхшиларингиздир. Охиратда менга энг ёқимсиз ва мендан энг узоғингиз эса хулқлари энг ёмонларингиздир ва эзма вайсақилар, мутакаббирлар ва (оғзини тўлдириб, лабини буриб) такаббурона сўзловчилардир”, – дедилар. Имом Термизий ривояти.
Донишманд олимларимиз гўзал ахлоқларни санаб, сонини беш юзга етказган бўлсалар, демак, ёмон иллатларнинг адади ҳам айнан шунча бўлади. Чунки ҳар қандай яхши хулқнинг зиддида ёмони ҳам туради. Яхши хулқни эгаллашга интилган инсон ёмон иллатдан сақланишни ҳам билиши шарт.
Гўзал хулқнинг улуғланиши шу даражага етдики, у жаннатга киришнинг асосий сабабларидан бири этиб белгиланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни жаннатга энг кўп нима киритиши ҳақида сўрашганида “Тақво ва гўзал хулқ”, – деб жавоб бердилар.
Баъзиларнинг айтишича, гўзал хулқ – одамларга яқин бўлиш ва уларда содир бўладиган ёмонликлардан четда туриш экан. Инсон гўзал ахлоқли бўлса, ишлари юришади, инсонлар билан муомала ва муносабати яхши йўлга қўйилади. Бошқаларга ҳам фойдаси етади. Бошқаларнинг бахтга етишига сабаб бўлади. Ёмон хулқли инсон эса бошқаларнинг хафагарчиликларига, жамоат тартибининг бузилишига сабаб бўлади. Бир қанча келишмовчиликларни, ҳатто нотинчликларни юзага келтиради.
Абу Усмон Мағрибийнинг фикрларига кўра, гўзал ахлоқ Аллоҳ таолонинг тақдирига розиликдир.
Абу Муҳаммад Розий айтади: “Гўзал ахлоқ Аллоҳ таолонинг сенга эҳсон қилганларини кўп, ўзинг У Зот розилиги учун қилган амалларингни эса оз билишингдир”.
Ҳасан Басрий мўмин ахлоқи ҳақида бундай дейди: “Бойликда иқтисод, кенгчиликда шукр, бало ва мусибат етганида сабр”.
Аҳнаф ибн Қайс айтади: “Чиройли ахлоқ хунук ва ёқтирилмаган нарсаларни тарк этишдир”.
Юсуф ибн Асбот гўзал ахлоқнинг ўн аломатини бундай ифодалайди:
1. Ўзгалар билан ихтилофга бормаслик;
2. Адолатли бўлиш;
3. Бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик;
4. Узр сўрай олиш;
5. Бир кишини ноқулай аҳволда учратганда, балки бирор узри, сабаби бордир деб, ҳолатини яхшиликка йўйиш, дарров ёмон гумонга бормаслик;
6. Азият ва озорларга сабр қилиш;
7. Нафсини тергов қилиб туриш;
8. Ўзганинг эмас, ўз айбини билиш;
9. Ҳаммага бирдек очиқ чеҳра билан боқиш;
10. Мулойимлик ва ширинсўзлик.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса бундай марҳамат қилинади: “Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўъминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўъмин афзалроқдир”.
Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб, йиқилади ва қўлидаги таом гиламга тўкилади. Хўжайиннинг жаҳли чиқади. Шунда хизматкор: “Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг”, дейди. Аллоҳ нима деган? – сўрайди хўжайин. “Аллоҳ таоло “Ғазабни ютувчилар” – деган”, жавоб беради хизматкор. Шунда хўжайин, “Майли мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим”, дейди. “Аллоҳ таоло яна: “Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади”, деган” давом этади хизматкор. Шунда хўжайин: “Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим”, деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.
Шайх Саъдий ҳазратларининг инсонларга бир ибрат бўларлик сўзи бор, яъни, “Эй инсон! Гўзал феъл-атворли кишиларни ўзинга дўст қилиб олсанг, уларнинг гўзал феъллари сенга таъсир этади. Оқибатда, сен ҳам улар каби гўзал хулқли инсон бўлиб етишасан. Яхшиларнинг ёнида ўтирмоқ мушк-анбар дўконида ҳеч нарса харид қилмаса ҳам, кўнгли ёқимли ҳидлардан баҳра олиб, роҳатланиш кабидир” деган сўзлари ҳам айни гўзал хулқ хусусидадир.
Оиша онамиз (р.а): “Ҳусни хулқда Пайғамбармиз Муҳаммад (сав)дан ўтадиган ҳеч ким бўлмаган, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар” – деганлар.
Имом Шофиъий (р.а): “Ўзини гуноҳ ва бадхулқликдан сақлай олмаган кишига илм фойда бермайди” – деганлар.
Озор уруғини сепган киши зарардан ўзга ҳосил олмайди. Гўзал хулқ ниҳолини кўкартирган киши тинчлик, шодлик мевасини ейди. Тоғда қичқириб нима десангиз, акс – садо туфайли ўша айтган гапларингизни ўзингиз эшитасиз. Ҳаёт ҳам шундай: “Нимани эксанг – шуни ўрасан”, деган ҳикматни унутмаслик керак.
Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида бундай деган: “Бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун, аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон жасадининг султони, қолган аъзолар эса унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади.
Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг, яхшиларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Ёмон хулқлар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўйини тўкадиган абадий хасталикка бошлайди. Шунинг учун хулқларимизда баъзи қалб касалликлари борлигини сезсак, ўша касалликни унинг зидди билан тезда муолажа қилишимиз зарур. Масалан, бахилликни саховат, ғазабни ҳилм, жоҳилликни илм, кибрликни тавозеъ ва камтарлик билан даволаш керак.
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакил ўринбосари,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.