1445 йил 12 Зулқаъда | 2024 йил 19 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:47
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:33
Asr
17:37
Maghrib
19:46
Isha
21:21


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фитналардан огоҳ бўлинг...!

23-12-2022, 08:01 87 Ўқиш режими + -
Ўзининг муқаддас каломида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” , деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Ўзининг муборак ҳадисларидан бирида “Ким амиридан бирор нарсани ёқтирмаса, бас, сабр қилсин. Чунки ким султонга бир қарич қарши чиқиб ўлса, жоҳилият ўлимида ўлган бўлади” , деган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.
Сўнги вақтларда жонажон юртимиз – Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам киши кўнглини шодликка тўлдирадиган бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Буни ҳар бир онгли, инсофли ва диёнатли киши билиб,  унга ўз кўзи билан гувоҳ бўлиб турибди. Мисол учун фуқароларга муборак Умра зиёратини амалга оширишлари учун қўйилган квота чеклови олиб ташланди. Бундан олдин ёт диний оқим ва ғоялар таъсирига тушиб қолиб, айни вақтда жазосини ўтаб турган кўп сонли маҳбуслар муддатидан олдин жазодан озод этилган эди. Аждодларимиз томонидан қолдирилган бой илмий-маданий меросни ўрганиш, уни халқимизга хусусан ёш авлодга етказиш  бўйича Ресбупликамизнинг турли вилоятларида ақида, ҳадис ва тасаввуф мактаблари ташкил этилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Лекин юртимизда амалга оширилаётган ана шундай ўзгаришларни кўра олмаётган айрим қора ниятли кимсалар ва гуруҳлар томонидан турли иғво ва бўҳтонлар содир этилмоқда. Оддий халқни давлатга қарши қайрашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса бу борада ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уларга жуда қўл келмоқда.
Дин ниқоби остида ёшларнинг онгини заҳарлаб, уларни юртга хиёнот қилишга, ватандан ҳижрат қилиб чиқиб кетишга ва ўзларидан мужоҳид ясаб олган Суриядаги жангари тўдаларга келиб қўшилишларига қаратилган тарғиботлар ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Ана шундай тарғиботчи нусхалардан бир Абдуллоҳ Зуфардир. У ўз фаолиятини интернет тармоғи орқали олиб боради. Абдуллоҳ Зуфарнинг деярли барча маърузаларида жиҳодга тарғиб қилувчи гаплар айтилади. Унинг фикрига кўра, Сурия давлатида содир бўлган жанглар ҳақиқий исломий жиҳод ҳисобланади. У маърузаларидан бирида “...нега Сурияда халқ давлатга қарши чиқди. Буни ҳеч ким сўрамайди. Халқ жонидан тўйганидан шундай қилди. Башар Асаднинг зулмидан безор бўлган халқнинг бундан бошқа чораси қолмаган эди...” дейди. Яъни халқнинг давлат раҳбарига қарши чиқишига сабаб давлат раҳбарининг халққа ўтказган жабру зулмлари эканини айтган.
Ушбу давлатда араб баҳори номини олган тўс-тўполонлар бошланган кезлари таниқли олим ва воиз марҳум Рамазон Бутий ҳазратлари халқни давлатга қарши чиқишдан қайтариш пайидан бўлган эди. Лекин улар у кишининг панд-насиҳатларини қулоққа олмадилар. Натижада озод ва обод юрт вайрона диёрга айланди. 
Эҳтимол кимдир халқнинг қилган иши тўғри. Чунки улар зулмга қарши бош кўтарган. Бу борада уларни айблаб бўлмайди деган фикрдадир. Лекин ислом барча замон ва маконларга мос келувчи дин ҳисобланади. Жумладан ушбу воқеълик юзасидан исломнинг ечими қандай бўлиши кераклиги барчага бир хилда қизиқ бўлса керак. Бошқача қилиб айтганда давлат раҳбарига қарши бош кўтариш ислом дини бўйича қандай баҳоланади. Ушбу мақолада ана шу масала борасида мухтасар сўз юртимоқчимиз.
Юқорида номлари тилга олинган забардаст олим Рамазон Бутий ҳазратлари томонидан ёзилган “الجهاد في الإسلام كيف نفهمه و كيف نمارسه Исломда жиҳод: уни қандай тушунамиз ва унга қандай амал қиламиз?” номли китобда ҳокимга (давлат раҳбарига) қарши чиқиш бобида қуйидаги маълумотлар келтирилган.
“...мусулмонлар ижмосига кўра, ҳокимларга қарши чиқиб улар билан уруш қилиш гарчи ҳокимлар фосиқ ва золим бўлсалар ҳам ҳаромдир. Бу маънони кўпгина ҳадис шарифларда кўриш мумкин. Аҳли сунна уламолари султон фосиқлиги сабабли мансабидан четлаштирилмаслигига иттифоқ қилганлар. Уламоларнинг айтишича, султоннинг четлаштирилмаслиги ва унга қарши чиқиш мумкин эмаслигига сабаб шу ишлардан келиб чиқадиган фитна, қон тўкилиши ва нотинчлик ҳисобланади. Чунончи, султонни мансабидан четлатиш ортидан келиб чиқадиган зарар унинг мансабда қолиб етказадиган зараридан кўпроқдир.” 
Демак, давлат раҳбарининг халққа ўтказган зулми унга қарши чиқишга асос бўлолмас экан. Бундай ҳолатда зулмга сабр қилинади ва султоннинг ҳаққига инсоф сўраб дуо қилинади холос. Хуллас, султон золим бўлса ҳам унга итоат қилиш вожиблигича қолаверади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун ўша “даъватчиларнинг” жимжимадор сўзларига учиб қўлига қурол олишга шайланган ҳар бир қони қайноқ ёш йигит ушбу маъноларни яхши англаб етса, ҳам бу дунёда ҳам у дунёда юзи ёруғ бўлади. Яратгандан ҳар бир мусулмонга ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиб кўрсатиб қўйишини сўраймиз.
 
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти
Ўқитувчиси Қодиров Омон