Барчамизга маълумки, теварак атрофимизда авж олаётган баъзи муаммолар бор, сиз-у биздан ўта ҳушёрлик ва огоҳ бўлишни талаб этади. Тараққиёт илдамлаб, тиббиёт ривожланиб бораётган бўлсада, кейинги йилларда айрим хасталиклар туфайли минглаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқдалар. Бундай нохуш ҳолатларга, афсуски, кўп ҳолларда инсоннинг ўзи сабабчи бўлиб қолмоқда. Ана шундай ўта хафли иллатлардан бири, бу гиёҳвандликдир.
Гиёҳванд моддаларга муккасидан кетган инсон унинг аянчли оқибати, охири ўлим эканлигини била туриб уни истеъмол қилади бу ҳам ўзини ҳалокатга ташлашнинг бир кўринишидир. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 195- ояти каримасида “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” деб мархамат қилади.
Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга уни “аср вабоси” деб сифатлашмаган.Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда мўғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқатилган. Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.
Гиёҳвандлик инсонга ҳар тарафлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Давлатимизнинг оқилона сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Ҳукуматимиз томонидан барча турдаги гиёҳванд воситаларга қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.
Муборак ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, жисм, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши кураш олиб бориш келажагига қайғурадиган комил инсонларнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан ҳар биримиз четда турмаслигимиз, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришимиз, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа мунтазам тарғиб қилишимиз зарур.
Б.Сахриев, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги мутахассиси