Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар- бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб борган. Шу жумладан, ота-она ҳақларини фарзандлар зиммасига юклаб, уларга доимо ҳурматда бўлишга буюради. Шу билан бирга ота-оналарга ҳам фарзанд устидаги ҳақларини белгилаб, уларга тўғри тарбия беришга буюради.
Қуръони каримнинг 20 дан ортиқ ояти каримасида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилади. Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзлари-ю феълларин ҳеч-бир малол олмасликка буюради.
Аллоҳ таоло:«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» деган (Исро: 23).
Исро сурасидаги бу оятда ягона маъбудга - Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейиноқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида, Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема».
Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси - ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси - ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, дегани.
«…уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!
«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт». (Исро, 24)
Ота-она доимо боласининг ҳаққига дуо қилиб туради. Ҳадиси шарифда: “Ота-онанинг боласига қилган дуоси пайғамбарларнинг умматларига қилган дуосига ўхшагандир” дейилган. Боладан беодоблик ахлоққа хилоф ишлар ўтса, ота-она вазминлик билан тушинтириши лозим бўлади. Чунки усиб бораётган авлодда шундай ҳолат бўлиши мумкинлигини унутмаслик, болани ҳеч-қачон қарғамаслик керак. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз умматларини дуойи бад қилишдан қайтарганлар. Бола қарғишга қолиб, жафо чекса яна ота-онанинг ўзи жабр кўради.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам муборак ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в): Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру-шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар-бир қилган назарига ҳаж қилган савобини бергай ”,-дедилар. Шунда саҳобалар сўрадиларки: “Ё Расулуллоҳ (с.а.в),бир кунда юз марта боқса ҳам юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими? ” Расулуллоҳ (с.а.в) “Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай ”, деб жавоб бердилар. Шу ҳадислардан маълум бўладики ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш ҳар-бир фарзанд зиммасидаги бурчдир. Шу билан бирга ислом дини фарзанд тарбиясига ҳам катта эътибор беради.
Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилдилар:
“Ота-онаси рози бўлмаган ҳолда ўлиб кетган бирон бир киши йўқ. Магар шундай одам бўлса Аллоҳ таоло ўша одамни жонини иймонсиз ҳолда чиқаради ва ўша банда қабрдан чиқолмайди, магар қийналиб чиқади ва бу ота-онасига оқ бўлган кишининг жазоси деган ёзув уни юзига ёзилган ҳолда чиқарилади” дедилар. Бинобарин фақат қиёмат куни эмас, балки қиёмат кунигача ҳам қабрда азоб-уқубатда бўлади, дейилган.
Ислом дини ота-онанинг фарзандининг зиммасидаги ҳаққини белгилаган. Яъни, фарзанд зиммасида ота-онанинг ўнта ҳаққи бор:
1.Муҳтож бўлиб қолса, таом бериш.
2.Агар хизматга мухтож бўлиб қолса, хизматини қилиш.
3.Ота-она чақирса дарҳол жавоб бериш.
4.Гуноҳ бўлмайдиган ишга буюрса, дарҳол бўйин эгиб бажариш.
5.Мулойим сўзлар билан гапириш.
6.Агар кийим кийишга муҳтож бўлиб қолса, кийим олиб кийдириш, агар фарзанд кийим олиб беришга қодир бўлса.
7.Йўлда ёки бошқа жойларда орқасидан юриш.
8.Ўзига раво кўрган нарсани уларга ҳам раво кўриш.
9.Ўзига ёмон кўрган нарсани уларга ҳам ёмон кўриш.
10.Ўзини ҳаққига дуо қилганда, улар учун ҳам дуо қилиб қўйиш.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) айтадиларки:
«Кимки ота-онасини зиёрати учун йўлга тушиб юрса, Аллоҳ таоло ҳар бир босган қадами учун ўша кишига юзта савоб беради ва ўша кишидан юзта гуноҳ ўчирилади ва ўша кишини қиёмат куни жаннатда юзта даражага кўтаради. Ва ота-онасини олдига бориб улар билан ўтириб чиройли, ширин, сўзларни гапириб сўзлашса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида ўша кишига бир нур беради. Шу нур ўша кишига йўл кўрсатиб уни олдида юради» -дедилар. Агар икаласини зиёрат қилиб ҳузуридан чиқса гуноҳлардан кечирилган ҳолда чиқади-дедилар. Яъни ҳар бир фарзанд ота-онадан айрилиб, бошқа жойда яшайди. Ўша пайт ота-онасини тез-тез зиёрат қилиш учун келиб турса, мана шу ҳадисга мувофиқ иш қилади ва олий нур эгаси бўлади.
Раҳматилла УСМОНОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.