Ислом дини азал-азалдан инсонларни ҳамиша яхшиликка чақиради ва ёмонликдан қайтаради. Инсонларнинг ҳуқуқига нисбатан бўладиган ҳар қандай тажовузни ман қилади. Бу ҳуқуқлар ичида энг муҳими ота-онанинг ўз фарзанди зиммасидаги ҳақлари, фарзанднинг ўз ота-онаси олдидаги бурчидир.
Маълумки, ота-оналар ўз фарзандларини чексиз меҳр-муҳаббат ва шафқат билан тарбия қилиб ўстирадилар. Бинобарин, ҳар бир фарзанднинг зиммасига ҳам ақлан, ҳам шаръан ўз ота-оналарига нисбатан беҳисоб бурч ва вазифалар юкланади. Жумладан Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ота-оналаримизга яхшилик қилишга буюрилади.
Жумладан оятларнинг бирида шундай дейилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф!”дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Исро, 23 ).
Бошқа бир оятда эса:
«Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!» дейилади (Иброҳим, 41).
Жаноби Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп ҳадиси шарифларида ота-оналарга яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Жумладан бир ҳадисда: “Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг норозигига қараб бўлади”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қиладилар:
«Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай». Шунда саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?» Онҳазрат: «Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай», деб жавоб бердилар.
Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб ҳижрат қилиш учун Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига байъат беришга келганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.
Маълумки, ота-оналар ўз фарзандларини чексиз меҳр-муҳаббат ва шафқат, куч-ғайрат ва маблағларини дариғ тутмай тарбия қилиб ўстирадилар. Бинобарин, ҳар бир фарзанд зиммасига ҳам ақлан, ҳам шаръан ўз ота-оналарига нисбатан беҳисоб бурч ва вазифалар юкланади. Ҳар қайси ота-она ўз фарзандига ақлини таниши билан катталарни, хусусан, ўзининг дунёга келишига ва улғайишига, тарбия топиши ва илму одоб ўрганишига сабабчи бўлган ота-онаси ҳақини адо этишни тушунтириб бориши керак.
Косон тумани “Катта масжид” жомеъ
масжиди имом хатиби Абдуллаев Намоз