Барчага маълумки бу йилги санада Қурбон ойи 30 июндан бошланди. Бугун худо хоҳласа, Арафа куни. Арафа куни Қурбон ойининг тўққизинчи куни бўлиб, унинг эртаси эса Қурбон ҳайити кунидир.
“Арафа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида билиш, таниш сўзларининг маъноларини англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Арафа-(арабча) Макка яқинидаги тоғ номи; билиш, таниш. Қурбон ҳайитидан олдинги кун” деб изоҳланади.
Баъзилар ҳаж қилувчиларнинг асосий зиёрати Арафот тоғида ўтганлиги ва ана шу куннинг эътиборидан ҳайитдан олдинги кун арафа куни дейилади, дейишади.
Арафа кунида Аллоҳ таоло Ўзининг Ислом дини комил қилиб берилган ҳақидаги оятини нозил қилган. Қуръони каримда:”Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим”(Моида сураси, 3-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади:“Мазкур ояти карима Арафа куни нозил бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилиш учун Маккага бордилар ва Арафотда бир юз йигирма минг ҳожи ҳузурида оламшумул, машҳур хутбаларини қилдилар. ”.
Арафа байрам қилинадиган кундир, чунки у байрам кунлар сирасига киради. Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат қилдилар:“ Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз-Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Арафа куни эса қуйидаги дуони қилиш фазилатли ҳисобланади. Саҳобалар томонидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа куни: “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб дуо қилар эдилар.
Аллоҳ таоло Арафа кунида қиладиган дуо, ибодатларимизни, хайрли амалларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин! Барчамизни икки дунё саодатига еткарсин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими