1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ижтимоий фитналардан сақланайлик

24-01-2023, 08:46 248 Ўқиш режими + -
Биз яшаётган ҳозирги даврда ижтимоий тармоқлар инсонларнинг ҳаётига тобора сингиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг инсонлар учун фойдали томонлари бўлгани каби, салбий томонлари ҳам кўп. Кўплаб юртдошларимиз бу соҳада фойдали фаолият олиб бориб, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам манфаат келтиришмоқда. Жумладан, фан, маданият, реклама, савдо-сотиқ, кўргазма ва илмий фаолиятлар халқаро тармоқларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо, бу соҳада ҳам одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, фирибгарлик билан шуғулланувчилар ҳам афсус-ки, топилади. Бу мақолада ижтимоий тармоқларнинг инсонлар ҳаётидаги салбий томонлари ҳақида фикр юритамиз, зеро огоҳлик давр талабидир, қолаверса, охиратини ўйлаган ҳар бир инсон ножоиз гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади.
Сўнгги йилларда террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда. Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…” (Бақара сураси 217-оят) Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлайди. Ёлғон хабар тарқатиш. Ҳар куни ижтимоий тармоқларда минглаб хабарлар тарқалади. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Баъзилари билмасдан  ёлғонга аралашса, баъзилари қасддан, қандайдир мақсадлар билан ёлғон маълумот тарқатади. Натижада улар ўзи ва ёлғонга амал қилганларнинг гуноҳини елкаларига “ортиб” оладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам далолат қилади. Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.
Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир.  Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: яъни: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар», – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.
Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради. Бу ерда энг муҳими – инсон омилидир.
Ҳуқуқий жиҳатдан олиб қаралганда, бирор-бир маълумот, матн, аудио ёки видеофайлни тарқатиш қонун нуқтаи назаридан “ахборот тарқатиш” сифатида баҳоланади. Тарқатилган маълумотда бировнинг обрўсига путур етказиш, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, ёлғон хабар тарқатиш ёки радикал ғоялар мавжуд бўлса, унга қонунчилигимизда жазо муқаррар эканини ҳам унутмаслик зарур.
 
Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом хатиби