Фарзанд тарбиясида энг муҳим омиллардан бири аввало эр ва хотиннинг ҳамкорлигидир. Аёл ўз табиатидан келиб чиқиб ўзига юклатилган масъулиятни адо этиш билан бирга фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Шунингдек, эр ҳам ўзига юклатилган хос масъулият яъни оиласини ҳар жиҳатдан таъминлаш, машаққат ва мусибатларни бартараф қилиш билан бирга фарзандлар тарбиясига алоҳида аҳамият бериши лозим.
Абдулло Авлоний айтганларидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Агар фарзандга яхшилик ўргатилса яхши вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади. Донишмандлар, фарзанд тарбияси ҳақида руҳий, аҳлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий ва жинсий тарбия бериш лозимлигини таъкидлайдилар. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз ким фарзандига кел, мана буни ол”! деса-ю унга ҳеч нарса бермаса, у ёлғончидир, дедилар.
Ислом илм дини экани барчамизга маълум. Энг долзарб вазифалардан бири ҳамиша, фарзандни илмли, маърифатли, зиёли қилиб вояга етказишдан иборат. Пайғамбаримиз: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, дедилар. Исломда илм олишнинг чегараси бешикдан то қабргача деб белгиланган. Бас шундай экан, фарзандларга ёшликдан уларнинг ақллари кўтарадиган даражадаги илмларни ўргатиб бориш лозим. Фарзандларга таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги ҳамда фарзандлари олдидаги ва жамият олдидаги бурчи эканини ҳар бир оқил инсон яхшилаб билиб олмоғи керак.
Ёшларнинг таълим-тарбияси ҳақида гап кетганда, маҳалланинг роли ва таъсири тўғрисида тўхталмай иложимиз йўқ. Бежиз “Маҳалла — ҳам ота, ҳам она” дейилмаган. Ўзаро меҳр - оқибат, аҳиллик ва тотувлик каби халқимизга хос урф - одат ва анъаналар айнан маҳалла муҳитида ривожланган. Булар эса ёш авлоднинг онгу тафаккурини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Демак, фарзандларимиз таълим - тарбиясида маҳалланинг ўрнини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.
Кейинги пайтларда “оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга кенг тарқалаётган маънавий ва ахлоқий бузуқлик ёшларимизнинг дунёқарашига ҳам жиддий хавф солмоқда. Ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм каби ёт ва бузғунчи ғояларни интернет орқали ёшлар онгига сингдиришга уриниш кучайиб бормоқда. Йигит-қизларимизни уларнинг таъсиридан асрашимиз керак. Шу боис маҳаллаларда бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни атрофлича таҳлил қила оладиган мутахассисларни жалб этган ҳолда ёшлар учун ўқув соатлари ташкил этиш керак. Токи, бундай тадбирлар миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган ғоя ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб берсин. Бу эса ёшларимизнинг қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Фарзандлар жамиятда ўзларига мос ўринларни эгаллашлари, комил инсон бўлиб етишишлари йўлида ижтимоий тарбия масъулиятига катта аҳамият бериш лозим. Болага ўргатиш лозим бўлган одоблардан кўришганда салом бериш, бемор бўлса хабар олиш, чақирганда жавоб бериш, вақти -вақти билан совғалар бериш ва ҳоказолар. Энг муҳими болаларга жамият билан боғлиқ алоқаларга оид оммавий, ижтимоий одобларни ҳам ўргата бориш лозим.
Бугун гўзал юртимизда фарзандлар бахтиёр ҳаёт кечиришмоқда. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларни ҳар томонлама етук, билимли, доно ва жамиятга манфаати тегадиган қилиб тарбиялаш лозим.
Нормурод Шойимов,
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби