1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

КОМПЬЮТЕР ЎЙИНЛАРИ МАНҚУРТЛИК ВОСИТАСИ…МИ?

17-11-2022, 09:35 587 Ўқиш режими + -
Бугун “оммавий маданият” таҳдиди турли йўллар билан ёшлар маънавиятига жиддий хавф солаяпти. Боз устига улар онгини заҳарлашга уринаётган турли-туман ғаразгўй кучлар кўпайиб бормоқда. Бундай вазиятда ёш авлодни  салбий ахборотлар таъсиридан асраш ғоят муҳим вазифадир.
Айниқса, интернетдаги ахлоқсизликни тарғиб этувчи турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар, жангари фильмлар, ёшларни монитор олдига “михлаб” қўяётган турли компьютер ўйинлари ана шундай таҳдидларга жуда бой.
Афсуски, ана шундай сюжетли компьютер ўйинлари кўплаб ёш болаларни, ҳаттоки, катта ёшли инсонларни ҳам таъсир доирасига тортаяпти. Уйида, ўқиш жараёни ёки иш жойида ҳам соатлаб компьютер ўйинларига муккасидан кетган кишилар бугун кўплаб топилади. Бироқ электрон ўйин “ажойибот”ларини ҳақиқий ҳаётнинг қувонч ва ташвишларидан устун билган шахснинг инсонийлик қиёфасини йўқотиши тажрибада асосланган.
Ўша ўйинлар қоидасига кўра, “финиш”га етиш айрим ёшлар учун жиддий мақсадга айлангани ҳам рост. Миясида ўйинлардан завқланиш ҳиссини туяётган бола учун бундай “севимли” машғулотидан бўлак ҳамма нарса секин-аста аҳамиятсиз бўлиб қолади.
Ачинарлиси, электрон ўйин асирига айланган  болалар табиатида аянчли ҳолатлар кўплаб кузатилаяпти. Ўсмир ўйнаётган компьютер ва телефон ўйинларидаги образлар, унинг тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бутун умр сақланиб қолади. Бу нафақат уларнинг ақлий, балки жисмоний ривожланишига ҳам зарар етказмоқда.
Маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳридаги маҳаллий компьютер ўйинлари шохобчаларининг бирида 12 соат компьютер монитори қаршисида ўтирган мактаб ўқувчиси шифохонага ҳушсиз ҳолда келтирилади ва кучли инсульт хуружи боис оламдан ўтади. Шифокорларнинг фикрича, бу фожиага боланинг виртуал оламдаги “махлуқлар” билан “жанг қилиш”га ҳаддан ортиқ даражада киришиб кетгани сабаб бўлган.
2002 йили америкалик Шон Вилли исмли 21 ёшли йигит оламдан ўтди. Аниқланишича, у қандайдир очколар тақдим этадиган компьютер ўйинига муккасидан кетган. Кунлардан бир кун у ўша ўйинда ютқазиб қўяди. Оқибатда тўплаган очко ҳамда “мукофот”ларидан айрилганига чидолмай, ўз жонига қасд қилгани маълум бўлади.
Яна бир мисол. 2004 йили Буюк Британияда 17 ёшли ўсмир Уоррен Леблан 14 ёшли болакай Стефан Пакирнинг жонига қасд қилди. Суд жараёнида айбланувчи отишма саҳналарига бой бўлган  компьютер ўйини таъсирига тушиб қолганини, кейин эса бу руҳиятига ўзгача таъсир қилгани ва жиноятга қўл урганини айтиб берди.
Канаданинг Маркхем шаҳрида яшовчи 23 ёшли Менхаз Замон сирини яшириш учун бутун оиласини ўлдирган. Ота-онаси у билан жуда фахрланар эди. Улар ўғлининг нуфузли университетда муҳандислик бўйича ўқиётганига ва уни порлоқ келажак кутаётганига амин эдилар. Аслида, йигит ҳеч қаерда ўқимади, аксинча, кун бўйи компьютер ўйинларидан боши чиқмади. Университетга ҳам кира олмади. Маҳаллий коллежга қабул қилинганди, аммо кейинчалик ўқий олмагани учун ҳайдалди. Менхаз бу ҳақда яқинларига айтмади, аксинча, бир неча йиллар давомида ҳар куни уйидан ноутбук билан чиқиб кетар, кечаси қайтиб келарди. Битирув кунидан бир кун олдин Менхаз қариндошлари ҳеч нимани билмасликлари учун уларни йўқ қилишга қарор қилди. Кундузи соат учларда отаси ва синглиси уйда йўқлигидан фойдаланиб, дам олиб ётган онасини ўлдирди. Тахминан бир соатдан кейин бувисини ҳам бирёқли қилди. Кечқурун ишдан қайтган синглисини, ярим тунда эса отасини ўлдирди. Шундан сўнг йигит Интернетдаги дўстлари билан алоқага чиқиб, бутун оиласини ўлдирганлигини айтди. Улар аввалига ишонишмади. Бироқ у қонли пичоқ ва мурдалар билан тушган селфини юборди. Онлайн ўйиндаги шериклари бу ҳақда Канада расмийларига хабар беришди. Фақат улар жиноятчининг никнеймини билишарди, холос.
ЖССТ компьютер ўйинига берилишни расман касаллик деб тан олди. Хўш нима учун бундай қарорга келинди? Ташкилот тарқатган маърузада таъкидланадики, ўйин ишқибозлари ўйин частотасини, сеанснинг бошланиши ва тугашини, давомийлигини назорат қила олмай қолади. «Ўйинга берилиш» диагнози кишида бир йил мобайнида шундай ҳаёт тарзи кузатилса қўйилади ва бу кишига бошқа соҳалардаги фаолиятида ҳалақит беради. Дунё бўйича ушбу муаммога жуда жиддий қаралмоқда. Масалан Лондондаги касалхоналарнинг бирида яқинда тармоқлар касаллигига йўлиққанларга мўлжалланган наркология маркази очилди. У ерда компьютер ўйинларига берилган беморларни даволаш билан шуғулланилади.
Мана, компьютер ўйинларига муккасидан кетишнинг айрим оқибатлари. Бундан англаш мумкинки, электрон ўйинлар қуршовида қолган бола фикрлаш қобилиятини аста-секин йўқотади, манқуртга айланади.
Энди савол, қайси ота-она фарзандига шу нарсани раво кўради? Бошқаларни билмадиму, лекин бизнинг халқимиз бу нарсага ҳеч қачон онгли тарзда йўл қўймайди. Шундай экан, фарзандларимиз тарбиясига янада эътиборли бўлайлик.
 
Интернет маълумотлари асосида Азамат УСМОНОВ тайёрлади.