Бизнинг туғилиб, вояга етишимизда, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулқ соҳиби бўлиб улғайишимизда, хуллас комил инсон бўлишимизда ота-онанинг буюк ҳиссаси борлигини ҳеч ким инкор қилмаса керак.
Ояти карималарда ҳар бир иймон-эътиқодли киши ота-онасига меҳр-муҳаббат улашиши баробарида, Аллоҳдан уларга шафқат ва марҳамат тилаши, бирор марта бўлсин улар олдида уф тортмаслик лозимлиги таъкидланган.
Отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъй-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади.
Бизнинг камолга эришувимиздаги онанинг беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар. Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломдан: “Менда отамнинг ҳаққи кўпми ёки онамнинг?” деб сўраганида у зот уч мартагача “Онангнинг ҳаққи” деб жавоб қайтарганлар ва тўртинчи марта сўралганда “отангнинг” деганлар. Бир йигит саҳобалардан: “Онамни елкамга кўтариб Маккага олиб бориб, етти марта Каъбани тавоф қилдирдим, энди унинг ҳаққини адо қилолдимми?” деб сўраганида улар: “Йўқ, бу хизматинг билан у сени эмизиш учун бир марта уйқусини бузганини ҳам рози қилолмадинг” дейишган экан.
Ривоят қилинадики, бир юртда ота ва унинг ўғли ўғирликда гумон қилиб қўлга олинади. Қози уларнинг ҳар бирига қирқ даррадан уриш ҳақида ҳукм чиқаради. Жаллод шу заҳоти қўлига қамчини олади ва аввал отанинг елкасига қирқ дарра уради. Отанинг елкаси қонталаш бўлиб кетса-да, ҳолдан тойса-да, “миқ” этмай тураверади.
Навбат ўғлига етади. Бола ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган, нимжонгина эди. Жаллод боланинг елкасини яланғочлаб, бир қамчи ургани заҳоти ота бор овози билан оҳ тортиб юборади. Унинг фарёди барчани ҳушёр торттиради. Қози унга юзланиб сўрайди:
“Эй, ғофил банда, ўзингни қирқ дарра урганимизда овозинг чиқмади. Нега ўғлингнинг елкасига қамчи тегар-тегмас, дод соласан?”
“Ҳазратим, - дейди ота. – Олдинги қирқ дарра курагимга текканди. Чидадим. Буниси эса, юрагимга тегди, чидолмай дод солдим”.
Ҳа, отанинг меҳри, шафқатини ҳам ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас экан.
Ота-она ризоси халқимизда муқаддас бурч ва қадриятлардан саналади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Аллоҳ таоло Тавротда, Инжилда ва Қуръонда, барча пайғамбарларга розилигим ота-онанинг ризосида, ғазабим уларнинг ғазабидадир, деган”.
Дарҳақиқат, дунёнинг буюк санъат ва адабиёт дурдоналарида ҳам ота-она даҳосига нисбатан беқиёс ҳурматни кўриш мумкин.
Буюк мутафаккир ҳазрат Навоий асарларида ҳам бу масалага катта ўрин берилган. Фарҳод, Қайс сингари қаҳрамонлар сиймосида ошиқлар тимсоли яралган бўлса-да, улар ҳеч қачон ота-она олдидаги вазифаларини унутиб қўймаганлар.
Навоий фарзанд отаси учун керак бўлса бошини, онаси учун жисмини фидо этмоғи, уларнинг бирини ой, бирини қуёш деб билмоғи лозимлигини таъкидлайди.
Кимки бошига тушадиган кулфатлардан халос бўлишни хоҳласа, кимки қилиб қўйган гуноҳлари кечирилишини истаса, кимки ризқи кенг ва умри узун бўлиши учун ҳаракат қилаётган бўлса, кимки дунёси ҳам, охирати ҳам обод бўлиши учун интилаётган бўлса, албатта ота-онасига яхшилик қилсин.
Азамат УСМОНОВКасби туманидаги "Фазли" жоме масжиди имом - хатиби