Муқаддас динимизда ҳар-бир мўмин мусулмоннинг ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Буларнинг барчаси Роббисига қуллик қилиш асносидаги вазифалардир. Яъни, ибодатлар ва муомалотлар. Ибодатлар деганда-ҳар бир мўмин мусулмон банда бажариши лозим бўлган фарз ва нафл амалларни тушунами.Масалан: Намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказолар каби. Муомалотлар деганда эса, энг аввало ота-она ва фарзанд борасидаги ҳақ-ҳуқуқлар, сўнгра қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва жамиятда яшовчи ҳар-бир фуқаро билан қилинадиган ижтимоий мулоқотлардирни тушунамиз. Ушбу икки нарсаларга амал қилиш бу - Аллоҳ таоло томонидан ажру- мукофотларга сазовор бўлишга сабаб бўлса, уларга риоя қилмаслик эса инсонни гуноҳкор бўлишига ва азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: '' Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим'' (Зарийат, 56). Яъни, ушбу оятдаги ибодат маъноси, юқорида зикр қилинган барча ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларни инсон томонидан ижросини таъминлаб қўйишдир. Шунинг учун ҳам динни жамиятда аҳамияти юксак. Қайси бир жойда дин бўлмаса, одамлар ҳалолу-ҳаромнинг фарқига бормаса, гуноҳни нима эканини англамаса, ёинки оқибатини ҳис қилмаса, ҳоҳлаган ишини қилса, табиийки, ўша жамият парокандаликка юз тутиши муқаррар. Ўша жамиятда жиноятчилик, бузғунчилик ва бошқа жиноятлар авж олади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Дин насиҳатдир'', деб бежизга айтмаганлар. Яъни, агар шу насиҳатчи динимиз бўлмаса, Аллоҳ асрасин, ҳолатимиз жуда ачинарли бўлар эди. Қолаверса, мусулмончиликда итоатсизлик, жиноятлар сари етаклайдиган ҳар-қандай ҳолат, ҳоҳ у моддий, ҳоҳ маънавий бўлсин, қаттиқ қораланган.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай дейди: ''Ислоҳ қилингандан кейин эса, ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ (ташналик, қаттиқ ишонч) ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир'' (Аъроф, 56). Фасод қилиш деганда, бир жойга бориб бузғунчилик қилиш, одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, фитналар қилишнинг ўзигина эмас, балки кўпинча кўзимиз илғамайдиган майда хатоликларга йўл қўйишни ҳам айтиш мумкин бўлади. Чунки гоҳида биз эътибор қилмайдиган ушбу камчиликлар бора-бора улкан гуноҳларга айланиб кетиши мумкин.
Битта гуноҳ ишни қилиш ортидан бир нечта хатолар қилган одам сифатида баҳоланади. Масалан, бир кишининг уйига ўғирликка тушиб, шу уйни ўмарган одамни олайлик. Ўғрилик қилиши бир гуноҳ. Унинг молига тажовуз қилиш ҳаром, бу иккинчи гуноҳ. Бировнинг уйига сўроқсиз кириши эса, учинчи гуноҳдир. Яъни, биргина ўғрилик кетидан уч хил гуноҳни бўйнига юклаб олмоқда. Албатта бундай мисолларни бошқа кўринишдаги хатоларда ҳам келтириш мумкин. Демоқчимизки, инсон қайси жиноятга қўл урмасин, ўғирлик, зино, қатл каби улкан гуноҳлар бўладими ёки бошқа майда безориликми, токи сидқидилдан пушаймон бўлиб, тавбалар қилмас экан, оқибати пушаймонлик, аламли азоб бўлади, ўзгаси эмас. Бу тушунчаларни эса, бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри сингдиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Акс ҳолда ўзимизга оғир юк бўлади.
Шуҳрат Муродов,
Миришкор тумани ва Чоргумбаз жоме масжиди имом-хатиби