1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ ДИНИМИЗ ШИОРЛАРИДАН

30-09-2023, 09:53 596 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Ислом динида илм берилган зотларни яъни, муаллимнинг ўрнини юқори даражаларга кўтариб қўйди. Шундай экан, ўқувчилар, талабалар ўз устозларини, Аллоҳ таоло даражаларини кўтариб қўйган муаллимларни ҳурматини жойига қўймоғи лозим ва шарт амаллардан ҳисобланади. Ислом динида илм олиш фарз даражасига кўтарилган бўлса, анашу илм воситаси, илмни тарқатувчилари бўлган устозларни ҳурмат қилиш, уларнинг риоясини қилиш ҳам шарт бўлади. Зеро, пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Албатта мен муаллим қилиб юборилдим”, деганлар. Имом Доримий ривояти.
Оддий инсонларга қараганда муаллимнинг ўрни, унинг қадри Аллоҳ таолонинг наздида улуғ ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади. “Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир.” Ушбу оятдан маълум бўладики, “обрў-эътибор” деб юрадиган мансаб, пул, йиғилган бойликларнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ экан. Фақат иймону илм билангина Аллоҳ таолонинг ҳузурида инсоннинг даражаси кўтарилиши мумкин экан. Бу оятдан яна бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз керакки, Ислом “илм” деганда барча илмларни кўзда тутади, ҳозирда баъзи кишилар нотўғри ўйлаганидек, фақат диний илмларгина эмас. Демак, мусулмонлар учун дунёвий имларни-да мукаммал эгаллаш фарздир. Шунинг учун дунёвий илмларни яхши ўрганиб миллат келажаги, мамлакат равнақи, ёшларга ўз билимларини холис ўргатаётган устозлар ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадри улуғ инсонлардир. 
Ислом дини инсон манфаати учун хизмат қиладиган барча илм ва ҳунарларни ўргатган устозларни эҳтиром қилишга буюрди. Бир куни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эски кийимларни кийган оддий бир одамни кўрганда ўрниларидан туриб унга иззат икром кўрсатган эканлар. Буни кўрган атрофларидаги шогирдлари бунинг боисини сўраганда, у зот: «Мен бу кишидан ҳайвонларнинг ёшига тааллуқли илмни ўрганганман. Шунга эҳтиром кўрсатиб ўрнимдан турдим», деган эканлар.
Улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳар сафар  шу оятни ўқиганларида, “Эй одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади”, дер эканлар. Юқоридаги оятнинг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Олимларнинг даражаси илмсиз мўминларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенг».
Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидур. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Албатта олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидур. Албатта пайғамбарлар дийнорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қолдирмадилар, албатта улар илмни мерос қолдирдилар. Ким илмни мерос қилиб олса, ҳақиқатда улуғ насибани олибди”, дедилар. 
Демак, устозлар ана шундай эҳтиромли кишилар экан, ота-оналар  фарзандларига устозларини ҳурмат қилиш, уларга одоб кўрсатиш, марҳаматли бўлиш каби тарбияни ўргатиши керак. Минг афсуслар бўлсинки, бугун баъзи ўқувчиларни устозларига нисбатан одобсизлик қилганлигини, уларга гап қайтариш, кўпчиликни олдида изза қилиш каби ҳолатларни учратиб қоламиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, қайси жамиятда устозлар, муаллимлар улуғланса, ўша юртда барака, юксалиш бўлади. Чунки, устозга бўлган ҳурмат, бевосита илмга бўлган ҳурмат ҳисобланади. 
Фарзандларимизга устозни эҳтиром ва иззат-икром қилиш, уларни қадрини билиш, унга улуғлаш назари билан қараш кераклигини уқтиришимиз керак. Ҳадиси шарифда: “Ким каттамизни улуғламаса, кичигимизга раҳм қилмаса ва уламоларимизни эътироф қилмаса, биздан эмас”, дейилган. Агар муаллим талабадан кичик ёшда бўлса ҳам, унга алоҳида ҳурмат кўрсатилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Талабаликда ўзимни хор тутдим, талаб қилинганимда азиз бўлдим”, деганлар. Устозларни ҳурмат қилиш диннинг шиорларидан биридир. Бежизга Али розияллоҳу анҳу менга битта ҳарф ўргатган кишини қулиман. Хоҳласа мени бозорга чиқариб қул қилиб сотсин, демаганлар. У киши устознинг ҳаққи шу даражада улуғки, битта ҳарф ўргатгани учун, унинг олдида қолиб бутун умр хизматини қилсанг арзийди, демоқдалар.
Бизларга дунё ва охират саодатига эришишимиз учун восита бўлган илм ва одобдан сабоқ берган азиз устозларимизнинг хизматларини Аллоҳ таоло муносиб мукофотласин.
 
Ўткир Маҳмудов 
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
 ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари