1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИГА САЗОВОРЛИК

10-10-2023, 08:16 496 Ўқиш режими + -
“Раҳмат” сўзи арабчада юмшоқлик, назокат, мулойимлик, мағфират қилиш, раҳм қилиш, ачиниш, меҳрибонлик каби маъноларни англатади. Улуғ олимлардан Исфаҳоний: “Раҳмат – бу улуғ инъом ва мурувватдир. Инсонлар тарафидан бўлса – юмшоқлик ва мулойимликдир”. Демак, раҳматнинг мулойимлик ва яхшилик қилишдек икки маъноси бўлиб, Аллоҳ таоло инсонларга юмшоқлик ва мулойимлик хусусиятини берган бўлса, Ўзи яратган барча мавжудодга лутфи ила яхшилик қилиш сифатини Ўзига хос қилди. Бундан ташқари, “Раҳмат” лафзи оятларда меҳрибонлик, шафқат кўрсатиш сингари маъноларда ҳам зикр қилинган.
Шу сабаб баъзан Ўзининг энг меҳрибонлик сифатига мувофиқ осийларнинг гуноҳларини авф этади, раҳм-шафқат кўрсатади (Доктор Аҳмад Шарабосий: “Қуръон ахлоқлари китоби”).
“Раҳмат” сўзи яна кўплаб ўринларда турли маъноларда ишлатилади. Масалан, ота-оналарга раҳмат, яъни раҳм-шафқат қилиш, фарзандларга, аҳлу аёлларга меҳрибонлик қилиш, қариндош-уруғларга чиройли муомала қилиш, етимларга, мискин-бечораларга, бетоб, мусибатзада каби заифларга, майиб-мажруҳларга юмшоқ кўнгиллик билан муносабатда бўлиш ҳам раҳматдир. Шунингдек, “раҳмат” деганда, тилсиз ҳайвонларга, атроф табиатдаги барча жонли ва жонсиз мавжудодларга ҳам раҳм-шафқат қилиш тушинилади.
Қуръони карим оятлари барчамизга чиройли муомалага энг лойиқ бўлган ота-оналарга раҳмат фазилати асосида муомала қилишга чорлайди. Буни Исро сурасида яққол кўришимиз мумкин: яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”.
“Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушиниш керак (Мадорик ва Хозин тафсир китобларидан).
Имом Қуртубий ҳазратлари айтадиларки: яъни: “Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут...”, - ояти каримасида ота-онага шафқат ва раҳмат, яъни яхшилик қилиш, уларга меҳрибонликда бўлишга истиора йўли билан ишора бор. Бу оятнинг ҳукми бўйича инсондан ота-онасига чиройли сўзларни сўзлаши, гўзал муомала қилиши ва мулойим боқиши талаб этилади.
  Аллоҳ таоло оилада эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар ўзаро муҳаббат ва раҳматга асосланган бўлиши лозимлигини Рум сурасида шундай баён қилади: яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
Қуръони карим оятларида мўминларнинг бир-бирларига меҳр-шафқат, мулойимлик билан муомала қилишлари олий сифат эканини баён қилиб, бундай хабар беради: яъни: “Сўнгра у (мазкур инсон) имон келтирган ва бир-бирларини сабр қилишга тавсия этган, бир-бирларини (бандаларга) марҳаматли бўлишга ундаган зотлардан бўлди”.
“Раҳмат” сифати Аллоҳнинг сифатларидан бири бўлиб, Қуръони каримнинг ўнлаб сураларида зикр этилган: яъни: “...Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатдан барча нарсани эгаллагандирсан...”.
Аллоҳ таолонинг бу ояти каримасидаги “Раҳмати” бу дунёда барчага тааллуқли бўлиб, охиратда эса фақат мўминларга хос бўлишини англатади. Бу маънони Аъроф сурасида зикр қилинган оятда янада яхшироқ фаҳмлашимиз мумкин бўлади. Ҳақ таоло хабар бериб айтади: яъни: “...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”.
Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, ундан битта раҳматни жинлар, инсонлар, ҳайвонлар ва ҳашаротлар орасига туширди. Ана шу битта раҳмат билан улар бир-бирларига раҳм қиладилар, шафқатли бўладилар. Мана шу раҳмат туфайли ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳрибонлик кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққиз раҳматни олиб қолдики, улар билан қиёмат куни бандаларига раҳм қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Шунга мувофиқ яхшилик қилувчиларга Аллоҳнинг улуғ раҳмати яқинлик хос бўлади. Зеро, “Раҳмат” Арҳамур-Роҳимин бўлган Аллоҳ тарафидан бўлган яхшиликдир. Унинг яхшилиги фақат яхшилик қилганларга ва унинг аҳлига бўлади. Инсонлар ўзларининг амаллари, хатти-ҳаракатлари билан яхшилик қилишади. Аллоҳ Ўз раҳмати билан уларга ҳам яхшилик қилади. Аммо кимки яхшилик қилувчилардан бўлмаса, бас, у яхшиликдан узоқда бўлади ва ўз-ўзидан равшанки, Аллоҳ раҳматидан ҳам олисда бўлади. Кимки яхшилик қилиш билан Аллоҳга яқин бўлса, У зот ҳам Раҳмати билан унга яқинлашади. Кимки яхшилик қилишдан узоқда бўлса, Аллоҳ ҳам раҳматини ундан узоқда қилади.
Демак, инсон ҳар вақт, ҳатто гуноҳкор бўлса ҳам Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиши, шу йўлда солиҳ амаллар қилиши орқали Унинг раҳматига сазовор бўлишга саъю-ҳаракат қилиши лозим экан. Зеро, У зот барчамизни Ўзининг кенг раҳматидан умидвор бўлишга амр қилгандир: яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”.
Ибн Аббос (рз.) ушбу ояти карима Макка аҳли ҳақида нозил бўлган. Улардан мушрик бўлганлари жуда кўп одам ўлдирди, беҳад зино қилди, кейин улар жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Сиз гапираётган нарса жуда яхши нарса экан! Биз кўп ёмон ишлар қилганмиз, қилган гуноҳларимизга каффорат бўладиган бирон нарса хусусида бизга хабар қилсангиз эди”, - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло Фурқон сурасидаги 58-оятни ва Зумар сурасидаги мазкур ояти каримасини нозил қилди (Имом Бухорий Зумар сураси ҳақидаги ҳадис ва Имом Қуртубий тафсири).
  Қуръони карим ҳазрат Пайғамбаримиз (а.с.)ни бир қатор оятларда раҳмат фазилати билан сифатлаб келтирган. Жумладан, Тавба сурасида шундай дейди: яъни: “(Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди”.
Анбиё сурасида эса Аллоҳ таоло Ўз Расулини: яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат* қилиб юборганмиз”, - деб сифатлаган.
Бу оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад (а.с.)нинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур.
Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз зоти шарифларини раҳмат сифати билан тавсифлаб шундай деганлар: яъни: “Аллоҳ бандаларидан раҳмдил бўлганларига раҳм-шафқат қилади”. Имом Али (к.в.) Пайғамбар (а.с.) йўлларидан бориб “Наҳжул балоға” китобида зикр этилган қуйидаги иборани айтган эканлар: яъни: “Кичикларингиз катталарингиздан ўрнак олсинлар, катталарингиз кичикларингизга меҳрибон бўлсинлар!”.
Хабарда бундай келган экан: “Илм мўминнинг дўсти, ҳалимлик унинг ёрдамчиси, ақл унга йўл бошловчи, амал унинг баҳоси, меҳрибонлик отаси, мулойимлик акаси, сабр барча сифатларнинг асосидир”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг раҳматига эришиш, ҳар вақт ўзгаларга яхшилик қилиш, кичикларга меҳрибонлик билан, каттталарга гўзал муомалада бўлиш, қўни-қўшниларга лутфи карамли, бетобу мискинларга ғамхўр бўлиш каби инсоний фазилатлар асосида ҳаёт кечириб бормоғимизга муяссар айласин. Ҳар икки дунёда барчаларимизни саодат аҳлидан қилиб, Ўзининг раҳмати ва меҳрибонлигига сазовор бўлишимизга муваффақ этсин.
 
Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов,
 Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби