1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Итоат нима?

6-10-2023, 16:01 1 048 Ўқиш режими + -
Юртдаги улуғ зотлар, уламолар, ишбошиларга ҳурмат, уларнинг ўгитларига итоат Халқимизнинг кўп асрлик миллий қадрияти ҳисобланган. Жамият равнақи, халқ фаровонлиги ушбу зотларнинг панд-насиҳатлари ва кўрсатмаларига амал қилишга ҳар томонлама боғлиқлиги – исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!    
“Итоат” калимаси “бўйсуниш”, “таслимлик”, “ҳукмга рози бўлиш” сўзлари билан маънодош бўлиб, уларнинг қаршисида “осийлик”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар туради. Итоат тўғрисида Қуръони каримнинг бир қанча оятларида сўз юритилган бўлиб, жумладан шундай дейилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Амалларингизни зое қилмангиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).
Аллоҳ таолога ва Унинг расулига итоат этиш деганда – Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам буюк ватандошимиз Имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этиш маъносидаги мазкур оятни “Аллоҳнинг фарзларига, Расулуллоҳнинг суннатларига итоат этингиз” дея тафсир қилганлар.
Аллоҳ таоло ва Унинг расулига итоат қилишга буюк ажру савоблар ваъда қилинган. Бунга қарши чиққанларни қаттиқ жазодан огоҳлантирилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “...Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир)”.
Пешқадам салафларимиздан бири ҳисобланувчи — имом Абу Жаъфар Таҳовий ушбу жумлалари билан бўйинсинувчи инсон ва раҳбар муносабатларига доир, аҳли суннанинг муҳим масалаларига урғу бермоқдалар. Унга кўра тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.
Имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Набий алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар: “ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:“қулоқ солинглар ва бўйсунинглар! Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший бошлиқ этиб тайинланган бўлса ҳам”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак қисқа ва лўнда хулоса айтадиган бўлсак, худди имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ каби: «Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз», — деб айтамиз. Ва мана шу айни аҳли суннат вал-жамоат ақидасидир! Бунга хилоф бўлган барча даъватлар умумий хаворижликка тарғиб қилувчи салафлар йўлига ёт чақириқлардир! Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!

Сайфиддин МЎМИНОВ, 
Китоб туманидаги “Шайх Собир” жоме масжиди имом – хатиби
Манбалар асосида