1448 йил 09 Жумодус соний | 2026 йил 19 ноябрь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:06
Sunrise
07:23
Dhuhr
12:22
Asr
15:41
Maghrib
17:21
Isha
18:38


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масаласи

28-10-2023, 16:20 283 Ўқиш режими + -
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб  жавоб бердилар”.
Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб кўп насиҳат қилар эди:
اِسْتَعِنْ عَلَى وَحْشَةِ الْغُرْبَةِ بِقِرَاءَةِ الْكُتُبِ، فَإِنَّهَا أَلْسُنٌ نَاطِقَةٌ وَعُيُوْنٌ رَامِقَةٌ
яъни: “Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.
Ҳасан Ал-Луълуий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”.
Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.
Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.
Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда. 
 
Сайфиддин МЎМИНОВ, 
Китоб туманидаги “Шайх Собир” жоме масжиди имом – хатиби