Ислом оламида донг таратган машҳур юртдошларимиздан бири - илми фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқшунослиги илмининг энг забардаст алломаларидан бири "Бурҳониддин вал-милла" (яъни, ислом олами халқлари ва ислом динининг ҳужжати, далили, исботи дегани) номи ила шарафланган буюк фақиҳ Имом Абу-л-Ҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғинонийдир.
Олим бутун ислом оламида машҳур бўлган "Ҳидоя" асарини ҳижрий 573 (милодий 1178) йилда Самарқандда ёзиб тугатди. Бу асарни ёзилиши билан боғлиқ ривоятлар халқ орасида ҳозиргача сақланиб қолган. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг келтиришича, Бурҳониддин Марғиноний ўзининг "Бидоят-ал-мунтаҳий" асарининг сўз бошида "Ҳидоя"нинг яратилиши тўғрисида шундай ёзган эди:
“Ироққа сафар қилганимда, “Ал-Мухтасар ал-Қудурий" (“Қудурий
қисқартмаси") ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтда каттаю- кичик, барча “Жомеъ ус-Сағир" (“Кичик тўплам") дан фойдаланган эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга “Бидоят ал-мунтаҳий" деб ном бердим. Кейинчалик ушбу асарга шарҳ ёзиб, уни “Кифоят ул-мунтаҳий" деб номладим"[1]. Кейинроқ бу асарнинг ҳам ҳажми катталик қилиб, янада мўъжаз бўлган, бутун ислом оламида ҳанафия мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланмасига айланган Ҳидоя асари яратилди. Мазкур асарни ҳанафия мазҳабидан тутган ўрни тўғрисида аллома Ҳаддод қуйидаги таърифни беради: "Ҳидоя" ҳам Қуръон сингари ўзидан илгари ёзилган китобларни( фиқҳшунослик бўйича) эътибордан қолдирди". Шомлик алломалардан бири "Ҳидоя"ни ўқиб чиқиб, "Ажабо! Ўзи ажамлик бўлса, бу гапларни қаердан топдийкин?! Биз араб бўла туриб, бу гапларни билмаймиз",- деб ҳайратланган эди. "Ҳидоя" китоби хусусида Бурҳониддиннинг ўғилларидан бири Имомиддин қуйидаги арабча байт битган бўлиб, бу байтнинг мазмуни шундай:
"Ҳидоя китоби ҳидоят йўлига етаклайди ва ожизлар йўлини ёритади, Шундай экан уни лозим деб бил, уни ёдлаб ол, эй ақл эгаси, кимки уни ўзлаштирса, энг олий мақсадга эришган бўлади".
Шу ўринда самарқандик тарихчи Комилхон Каттаевнинг "Имом Бурҳониддин Марғиноний" китобида улуғ аллома тўғрисида баён этилган қуйидаги фикрларни келтириб ўтсак:
"Имом Бурҳониддин Марғиноний каби зоти муборакларимизнинг даражаларини, мавқеларини ва улуғликларини қандай тасаввур қилиш мумкин? Кейинги асрларда илму маданиятда энг ривожланган иқлим ҳисобланган Оврупо қитъаси илм аҳллари томонидан, ҳужжатли далиллар билан тан олиниб, эътироф этишларига қараганда, Оврупо цивилизациясига, уйғониш даврига мусулмон-араб илму маданиятидек катта таъсир кўрсатган бошқа маданият бўлмаган. Ажабланарлиси ва фахрланарлиси шулким, араб тилида ижод этган машҳур уламолар салоҳиятининг аксарияти юртдошларимиз бўлишган. Илму фан ривожланган ва "олтин аср" деб номланган ўша даврнинг машҳур алломалари бўлган Имом Бухорий ва Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний ва Абу Али ибн Сино, Форобий ва Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва Замахшарий ҳамда Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи, Хожа Аҳрор Валий ва Махдуми Аъзам, Алишер Навоий ва Бобур Мирзолар ҳар бирлари алоҳида- алоҳида тармоқларда хизматлари туфайли шуҳрат чўққисига эришадилар ҳамда илм-фан ривожига беқиёс таъсир кўрсатдилар.
Мусулмон фан ва маданиятининг рамзи ва Пайғамбар(с.а.в.) ворислари ҳисобланмиш ушбу бузругворлар хизматларини назарда тутган Оврупо олимлари қуйидагича эътироф этишган ва тан олишган. Овруполик арабшунос профессор Седилат ўзининг "Араблар тарихи" китобида шундай деб ёзади: "Мусулмонлар ўрта асрларда илм, фан ва фалсафада ягона эдилар. Улар бу нарсаларни қадамлари қаерга етса, шу ерга тарқатдилар. Бу нарсалар улар орқали Оврупода ҳам тарқалди. Оврупонинг уйғониши ва тараққиётининг асосий сабабчилари ҳам мусулмонлардир".
Социолог профессор Густав Лугон ўзининг "Араб цивилизацияси" деган китобида шундай дейди: "Форс, Рим ва бошқа халқларнинг Шарқда қила олмаган ишларини араблар тезда ва ҳеч бир мажбурлашсиз амалга оширдилар... Тарихда бундай зўр таъсирга эга бўлган араблардан бошқа ҳеч бир халқ йўқ".
Профессор Либри эса бундай деган эди:“Агар тарих саҳнасида араб пайдо бўлмаганида, Оврупонинг уйғониши бир неча асрларга орқага сурилар эди. Арабларнинг таржималари Оврупо дорулфунунларида олти аср давомида ягона ўқув қўлланма бўлиб келган".
Овруполик олимларнинг бу таърифларидан ортиқроқ эътироф бўлмаса керак. Дарҳақиқат, биз учун энг қимматлиси шулким, илм-фан ҳақидаги Оврупо олимларининг бундай фикрларида айнан биринчи навбатда Мовароуннаҳр олимлари назарда тутилаётганини бутун олам билиб турибди. Араб мусулмон илму фани, маданияти замирида ижод этган юртдошларимиз илму урфоннинг энг асосий соҳаларида энг биринчи қадам қўйган олимлар эдилар. Шунинг учун ҳам, ҳозирги араб юртларидаги илм аҳли буюк юртдошларимиз хотиротлари олдида ҳамиша бошлари таъзимдадир.
Фуқаролик масалаларнинг аксарияти ислом фиқҳи асосида олиб борилади. Ҳозирги замонамизда жорий барча ҳуқуқшунослик асосан, ислом фиқҳи негизида тузилгандир. Кўпгина ислом мамлакатларидаги олий ўқув юртларида ватандошларимиз Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий каби машҳур ҳуқуқшуносларимизнинг асарлари асосий дастур сифатида ўқитилмоқда. Мусулмон бўлмаган мамлакатларда, асосан Оврупо мамлакатларида ҳам ислом фиқҳига, ушбу алломаларнинг асарларига эътибор каттадир.
Атоқли фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ илмига оид "Бидоят ал-мубтадий" номли кўп жилдли асари Шарқ мамлакатларидаги мадрасаларда ҳанузгача асосий қўлланма бўлиб келаётир; Бу асар форс, инглиз, рус каби хорижий тилларда таржима қилингандир.
Хулоса қилиб яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, нафақат ислом олами, балким бутун инсоният ҳуқуқий тафаккур тараққиётида беқиёс улкан ҳисса қўшган буюк аллома Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг ўз замонасида ҳамтоси, монанди ва тенги йўқ эди. Илмда, тақвода, эҳёда ҳамда ҳассосиётда тафаккур ва ҳуқуқ аҳлининг пешвоси эди. У ўзининг юксак қобилиятини ҳуқуқшунослик илмининг ривожига бахшида этди. Бу табаррук зот ҳанафия мазҳаби ҳуқуқшунослигини кенг ёйишга қўлидан келган барча хизматларни бажарди.
С. Абраев,
Қарши тумани “Ҳожи Хизр” масжиди имом хатиби
[1] Қориев О.А. Бурҳониддин ал-Марғиноний//Маънавият юлдузлари. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999. – Б. 132-133.