Бидъат ва хурофотлардан сақланайлик
9847
4-10-2023, 19:46
135
Ўқиш режими
+
-
Бизга Аллоҳ таолонинг китоби, пайғамбаримизнинг суннатлари батафсил ҳолда етиб келди. Мана шундай мукаммал динимизга бирор кишининг ўзича янгилик киритиши катта разолатдир. Динда йўқ нарсани “бу иш диндан”, “савоб бўлади”, “қилмаса бўлмайди” деб, унга қўшиш ёки бир нарсани олиб ташлаш бидъат амал ҳисобланади.
“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақийдаларга киритилган ўринсиз ислоҳ” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса: “Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир”.
Демак, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим” деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.
Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади. Масалан, ҳозир баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Айниқса аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. ушбу хурофотларни динимиздан деб билиниши ва амал қилиниши олди олинмас экан, кун сайин авж олиб бораверади. Машҳур саҳоба Абдуллох ибн Амр ибн Ос разияллоху анху: “Бидъат пайдо бўлса, кун сайин ривожланиб боради. Суннат амалдан чиқарилса, кун сайин узоқлаша бошлайди” – деганлар.
Суфён Саврий рахимаҳуллох: “Бидъат шайтонга гуноҳдан ҳам севиклирокдир. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатчи гуноҳ қилаётганини билмай, унга тавба қилмайди”, – деганлар.
Халқ орасида “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка ҳамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” қабилидаги эътиқодлар ҳам айни қораланган бидъатлар турига мансубдир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний рахимахуллох: “Бидъатчи ўз бидъатида канча тиришса, Аллохдан шунча узок бўлади” – деганлар.
Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, – деганлар.
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, ҳалқимиз фаровон хаёт кечиришлари учун жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай саодатли кунлар тинчлик-осоишталик, фаровон хаёт кечираётган эканмиз, шу кунларнинг қадрини чуқур англаб, ҳалқимизга бидъат-хурофотларни салбий оқибатларини етказиш барчаларимиз маъсул эканимизни хис қилишимиз лозим. А. Шодиев
Китоб туман “Бектемир” жоме масжиди имом – хатиби