Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам У Зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат, шунинг ўзи – катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”.
Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларни Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда, сабр қилгувчи ва неъмат берилганда, шукр қилгувчисидир” (Имом Табарий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ҳозирги кунда ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, узоқ йиллардан бери хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлмоқда, уйланмай туриб вафот этаётганлар қанча?!
Иброҳим Адҳам ғам чекиб ўтирган кишини кўриб, унга: “Нима учун ғамгинсиз? Сиздан уч нарсани сўрайман менга жавоб беринг”, – дедилар. У киши рози бўлди. Иброҳим Адҳам: “Ушбу борлиқда Аллоҳ таоло хоҳламаган бирор нарса бўладими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деди бояги киши. Иброҳим Адҳам яна “Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган ризқингиздан бирор нарса озаядими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳ таоло ёзиб қўйган ҳаётингиз борасидаги бирор нарса сиз сабабли ўзгарадими?” – дея сўрадилар. У киши яна: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нега ғам чекяпсиз?” – дедилар.
Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!
А. Шодиев
Китоб туман “Бектемир” жоме масжиди имом – хатиби