“Фитна” – сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда синаш, оловда тоблаш-маъноларини беради. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда эса “фитна” – сўзи бир неча маъноларда келади. Масалан: синов, ҳақ йўлдан тўсиш, оловда азоблаш, ширк, куфр келтириш, ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш, одамларни қатл қилиш ва асир олиш, одамлар ўртасидаги келишмовчилик маъноларини учратиш мумкин.
Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларида уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: (Астаизу биллоҳ) Вал фитнату акбару минал қатл. (садақаллоҳил аъзийм) Бақара сураси, 217 оят.
Мазмуни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ гуноҳдир” дейилган.
Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг-кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз. Буни Сурия, Ироқ каби мамлакатлар мисолида кўришимиз мумкин.
Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида фикр қилган киши бу ҳудудлар аксар ҳолларда мусулмон диёрлари эканини англайди. Маълумотларга кўра ўтган йилларда терроризм балосидан энг кўп азият чеккан дунёнинг 10 та мамлакатидан 8 таси мусулмон диёрлар экани аниқланган. Бу ерларда мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди. Мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган “И.Ш.И.Д.” террорчи ташкилоти ҳам замонамизнинг ана шундай фитналаридан биридир. Қанчадан-қанча Обод юртлар хонавайрон бўлди, аёллар бева, норасида гўдаклар эса етим қолди. Миллионлаб ёшлар мактабга боролмай, қочоқликка маҳрум бўлди. Бу фитналар оқибатида мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ ахоблар етди. Шундан кейин ҳам баъзи ёшларимиз алдовларга учиб, ёки ўзини нафс балосига қул бўлиб, ўзини олов домига ташлаши, мусулмонларга қарши қурол кўтаришини қандай тушуниш мумкин.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитна урчимаслигига ҳаракат қилиши, фитначиларнинг кирдикорларига қарши туриши керак.
Мусулмон ўлкалар, жумладан бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижодий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарни нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳайтда кўрдик. Бу хатони такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ.
Халқ ичида фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.
Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар боржойда ривожланиш, эркинлик бўлади.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётини бардавом қилсин.
А. Омонов, Косон туман “Чоргумбаз” жоме масжиди имом-ноиби