Шамоллар Аллоҳ раҳматининг даракчиси
Шамолнинг қандай пайдо бўлиши, уларнинг бир томонга қараб йўналиши, ёмғирга ҳомиладор булутларни буюрилган манзилларга ҳайдаб келиши, сувини тўкиб бўлган булутларни тўғри йўналтириши инсон учун ҳайратомуз ишлардир.
Инсон учун ҳайратомуз бўлган бу ишларнинг бари бутун оламларнинг парвардигори бўлган Аллоҳ таоло томонидан содир этилади.
Шамоллар Аллоҳнинг раҳматининг даракчиси ва Унинг буйруғини бажарувчи хизматкоридир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَهُوَ الَّذِي يُرْسِلُ الرِّيَاحَ بُشْرًا بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ حَتَّىٰ إِذَا أَقَلَّتْ سَحَابًا ثِقَالًا سُقْنَاهُ لِبَلَدٍ مَّيِّتٍ فَأَنزَلْنَا بِهِ الْمَاءَ فَأَخْرَجْنَا بِهِ مِن كُلِّ الثَّمَرَاتِ كَذَٰلِكَ نُخْرِجُ الْمَوْتَىٰ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
«У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик ер (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар туридан чиқарурмиз...» («Аъроф» сураси, 57-оят).
Ҳозирги замон фанига маълум бўлишича, чақмоқли булутлар номи билан маълум бўлган ёмғирли булутлар 300 000 тоннагача сувни ўз таркибига олар экан. Шундай оғирликдаги булутларни Аллоҳнинг буйруғи билан шамоллар аниқ манзилларга ҳайдаб келади. Аллоҳнинг марҳамати билан осмондан ёмғир ёғади.
Хулоса қилиб айтамизки, бутун оламларнинг парвардигори бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин!
Р. Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими