1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўзаро хушмуомила бўлайлик

11-12-2023, 11:51 215 Ўқиш режими + -
           Кундалик ҳаётда инсонлар бир-бирлари билан ҳар куни муомила қилишади. Одамлар ўртасидаги бу муомила мулойим бўлиши лозим. Инсонлар бир-бирларига худди меҳмонга қилинадиган ширин муомиладек муомила қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, инсонларнинг барчалари бу дунёда меҳмондирлар. Халқимиз мақолларида ҳам яхши муомиланинг инсонга манфаати кўп эканлиги ҳақида айтилади. Шундай мақоллардан бирида:  “ Яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан мусулмон инидан чиқади” дейилади.           
         Имом Ғаззолийдан хушмуомила киши ҳақида сўралганда, у зот: “ Хушмуомила одамнинг ҳаёси кўп, озори кам, яхши амали кўп бўлади. У вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан ва меҳрибондир. У лаънатламайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. У шошқолоқ, кекчи, бахил, ҳасадгўй эмас. Унинг  юзлари доимо очиқ, жилмайиб туради”деб жавоб берган эканлар. 
Хушмуомалик инсоннинг умрини самарали, тинч осуда ўтишига сабаб бўлади.  Аллоҳ таоло хушмуомилалик ҳақида шундай марҳамат қилади:“ (Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи ( ер остига) маҳкам ўрнашган. Шохлари эса осмонда бўлиб, парвардигорнинг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамларга эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур” ( Иброҳим сураси, 24-25 оятлар). Бу ўриндаги “яхши сўз” томири ерга мустаҳкам ўрнашган “асил дарахт”га ўхшатилган. Инсон баъзан хафа бўлиб   ёки ғазабланиб турганида ҳам доимо хушмуомила бўлишга ҳаракат қилиши керак. Дарахтнинг илдизи қанча мустаҳкам бўлса, у шунчалик мустаҳкам бўлади. Инсоннинг ҳам хулқида хушмуомилалик қанча томир отган бўлса, у шунча мустаҳкам бўлади. Хушмуомила инсон ҳар жойда хушмуомиликнинг мевасидан баҳраманд бўлади. Хушмуомила бўлмаган, ўзига доим қўполликни касб қилган одам эса ҳар жойда туртки ейди. Унинг бирор жойда қўним топганини кўрмайсиз. Бу ҳақда ҳам Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Ёмон сўзнинг мисоли эса ердан ( илдизи) узилиб қолган, бир жойда ( ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар”. 
( Иброҳим сураси, 26-оят). 
Инсонларнинг ўзаро муомилалар хушфеъллик билан бўлиши уларнинг яхши тарбия кўрганликларига далолат қилади. Ёшликдан инсон хушфеълликка ўргатиш, унда муомила маданияти шакллантиришга аҳамият бериш муҳим ишлардан ҳисобланади. Инсонда муомила маданияти шаклланмаса, унда қўполлик, бадфеъллик аломатлари намоён бўладиган бўлса, у киши яхши тарбия кўрмаганлигини билдиради. Тарбия топган, хушмуомила инсон қаерда бўлса, обрў-эътибор топади. Элдан ҳам яхши тарбия кўрган, хушмуомила инсонни ардоқлаб, уларни миннатдорчилик билдириб “ отасига раҳмат” дейилади
Муомиласини яхшиламайдиган, эзгулик сари интилмайдиган, зарарга рози бўладиган,  қўполликдан ўзини чет олмайдиган кишининг аҳволи ачинарлидир. Хуш муомилалик туфайли душманлар дўстга айланади, оилалар мустаҳкам , қариндошлик ришталари маҳкам боғланади.  Хушмуомила қилмаслик, одамларга озор бериш натижасида эса дўстлар душманга айланади, оилалар пойдеворига путур етади,  қариндошлик ришталари узилади. Барчаларимизга хушмуомилалик   ва ундан келадиган ажр-савоблар насиб этсин.                                                 
Р. Aкбаров,              ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими