СЎЗЛАШИШ (ГАПИРИШ) ОДОБЛАРИ
( 3-ҚИСМ )
Дўстлар билан ҳам душманлар билан ҳам суҳбат чиройли бўлиши лозим. Чунки бунинг натижаси яхши бўлади. Дўстлар билан бўлган чиройли суҳбат дўстликнинг бардавомлигига ва дўстлар ораларидаги ришталарни шайтон уза олмаслигига сабаб бўлади:
Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир. (Ал-Исро :53).
Албатта, шайтон инсонлар орасига адоват солиш учун пайт пойлайди ва арзимаган низодан қон тўкиладиган урушни чиқармоқчи бўлади. Бундай ишларга фақат энг гўзал сўзларгина ғов бўлиши мумкин. Душманлар билан сўзлашганда энг гўзал сўзларни сўзлаш, уларнинг хусуматини ва зарарини қайтаради:
Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур. (Фуссилат:34).
Одамларни ҳар қандай ҳолатда ҳам чиройли гапиришга одатлантириб, Аллоҳ шундай дейди:
Яхши сўз ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ьаний ва ҳалим зотдир. (Бақара: 263).
Яхши гап, эгасини фазилатлар билан Аллоҳ ризосига йўллаб қўяди.
Бир киши Расулуллоҳ ҳузурларига келиб:«Менга жаннатга олиб борадиган амални ўргатиб қўйинг», деди. Шунда Расулуллоҳ у кишига шундай дедилар: «Бошқаларни таомлантир. Барчага салом бер. Ҳамма ухлаганда—тунда намоз ўқи. Шунда жаннатга кирасан» (Албаззор ривояти)
Аллоҳ бизларга бошқа диндагилар билан бўлган мунозараларимизда ҳам қаттиқ қўллик қилмай энг гўзал сўзлар билан сўзлашларимизни буюради. Лекин улар томонидан қўполлик бўлса, ўшанга яраша муомалада бўлишни амр қилади:
Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз Унга бўйсунгувчимиз», денглар. (Анкабут: 46).
Буюк инсонлар ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўзларидан номаъқул сўзлар содир бўлишини хоҳламайдилар. Одамлар олдида бебурд бўлиб қолишларидан ҳам эҳтиёт бўладилар.
Исо алайҳис-салом тўнгиз олдидан ўтаб кетаётганларида, унга салом берган экан. Шунда бир киши: «Сиз тўнғизга салом берасизми?, деб сўраганида, Исо алайҳис салом шундай жавоб берган экан:«Тилим ёмон сўзни айтиб қўйишидан қўрқаман».
Беҳаё, қўпол инсонлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳеч нарсадан қайтмайдилар. Бошқаларга зулм қилаётганларига парво ҳам қилмайдилар. Имкон топса қалбларига оро берадилар ва бу билан улар роҳатланадилар.
Олижаноб киши ундайлар билан қўполлик билан гаплашмайди. Чунки уларнинг ғазабини қўзғаш катта зарарларга сабаб бўлади.
Оиша онамиз айтадилар: «Бир киши Расулуллоҳ ҳузурига кириш учун изн сўраганларида, Расулуллоҳ: “«У яхши одам эмас-да”, деб қўйдилар. Ҳалиги одам кирганда Расулуллоҳ у билан юмшоқ оҳангда гаплашдилар, унга тўшак тўшадилар. Чиқиб кетгандан кейин: «Эй Расулуллоҳ, анави киши келганида, «ундоқ» дедингиз, хужрангизга кирганида уни башошат билан кутиб олдингиз ва унга тўшак тўшадингиз, нега?”, деган эдим, Расулуллоҳ: «Эй Оиша, ёмон иш қилганимни кўрганмисан? Ёмонлигидан қўрқиб, одамлар тарк қилган кимса, қиёмат куни Аллоҳ олдида энг ёмон одам ҳисобланади», ( Имом Бухорий ривояти) дедилар”.
Бундай ҳолатни ҳар қандай тажрибалар тасдиқлайди. Чунки мусулмон одобсиз-ахлоқсиз кимсалар олдида ҳам ўз ахлоқидан ажрамаслиги лозим.
Қуръони Карим «Раҳмон» бўлган Зотнинг бандалари қандай сифатларга эга бўлишларини қуйидаги оятларда баён килган:
Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуь ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир. (Фурқон: 63).
Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз», дедилар. (Қасос: 55).
Мусулмондан талаб қилинадиган нарса шуки, у бошқалардан келадиган озорларга сабр қилишидир. Лекин у сабр қилиш бошқаларнинг ўз устидан ҳукмрон бўлиб қолишига олиб бормасин.
Расулуллоҳ алайҳис салом .бир неча саҳобалари билан ўтирар эдилар. Шунда бир киши Абу Бакр ҳақида ёмон гапларни айтиб унга зулм қилди. Абу Бакр индамадилар. Ҳалиги одам яна гапирди. Абу Бакр яна индамадилар. Учинчи марта ҳалиги одам гапирганида, Абу Бакр унинг гапига яраша жавоб қайтарганларида, Расулуллоҳ ўринларидан туриб қолдилар. «Эй Расулуллоҳ мендан хафамисиз?”, деб Абу Бакр хижолат бўлганида, Расулуллоҳ: «Йўқ осмондан фаришта тушиб, унинг гаплари ҳаммаси ёлғонлигини айтиб берди. Сен унинг гапига яраша жавоб қайтарганингда фаришта кетди. Шайтон ҳам ўтириб қолди. Шайтон ўтирганидан кейин мен ўрнимдан турдим», (Абу Довуд ривояти) дедилар.
Оқиллик ҳамда ахмоқлик, булар бир-бирига зид бўлган сифатлар. Албатта уларнинг ораларидаги фарқ ҳам жуда катта.
Оқиллик, бу ҳар қандай зулм олдида ўзини ушлаш, ғазаб келганда ёки ўч олиш имконияти бўлиб қолганда ҳам ўзини тутишликдир.
Ахмоқлик бу тентаклик, ақлсизлик бўлиб, оқил ва олижаноб одам рози бўлмаган нарсаларни қабул қилишликдир.
Қуръони Карим, оқиллик маъқул иш, ахмоқлик номаъқул ишлардан эканини эьлон қилган:
Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмас. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.
Агар яхшиликни ошкора ёки махфий қилсангиз ёки ёмонликни афв этсангиз, албатта, Аллоҳ афвли ва қодир зотдир. (Нисо: 148-149).